Маск Тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзод бўлди
Бу қизиқ
−
21 Февраль
3724Америкалик бизнесмен ва Х ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маск 2024 йилги Тинчлик бўйича Нобель мукофоти номзодларидан бирига айланди. Бу ҳақда Нобель қўмитаси маълумотларига таяниб, "Daily Mail" нашри маълум қилди.
Бу таклиф Норвегия парламенти депутати Мариус Нильсен томонидан илгари сурилиб, Маскнинг инсоният фаровонлигига қаратилган технологияларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси қайд этилган.
"Маск асос солган, эгалик қилган ёки раҳбарлик қилган кўплаб технология компаниялари жамиятни яхшилаш, Ер ва коинот ҳақидаги билимларни ошириш ҳамда бутун дунё бўйлаб алоқа ва уланишни таъминлашга қаратилган", деган Нильсен.
Қайд этилишича, миллиардер ушбу мукофотга дунёда илмий мулоқотни қўллаб-қувватлагани, сўз эркинлиги ва ўз фикрини адолатли равишда билдира олгани учун даъвогар сифатида кўрсатилган.
Нуфузли мукофот учун курашда Илон Маскнинг рақобатчилари орасида Колумбия президенти Густаво Петро, WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж, шунингдек, Исроил ва Фаластин инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари бор.
Маълумот учун, 2024 йилги мукофот ғолиби 11 октябрь куни эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилги Тинчлик учун Нобель мукофоти Эрон қамоқхонасида сақланаётган Наргис Муҳаммадийга берилган эди.