Маск иккинчи одамга мия чипи ўрнатилганини эълон қилди
Технология
−
05 Август
6726Америкалик тадбиркор, SpaceX ҳамда Тesla асосчиси Илон Маскнинг Neuralink компанияси кўнгиллилардан яна бир одамга мия чипи ўрнатилганини маълум қилди. Бу ҳақда америкалик миллиардер Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Шифокорлар кўнгилли беморнинг миясига фалаж бўлган одамларга рақамли қурилмалардан ўз ақли билан фойдаланиш имконини берадиган компьютер алоқа мосламасини муваффақиятли жойлаштирган. Имплантация қилинган нейрочипда 400 та электрод ишламоқда. Neuralink сайтидаги маълумотларга кўра, чип 1024 электроддан фойдаланади.
Қурилма эшитиш воситаси каби қулоқ орқасига бириктирилган қабул қилувчи капсуладир. Ипга ўхшаш электродлар капсуладан мияга ўтади. Умуман олганда, мияга 1500 тагача электрод жойлаштирилади, уларнинг ҳар бири инсон сочидан тўрт баробар юпқароқдир. Битта 4х4 мм процессор 10 минг электроддан олинган маълумотларни қайта ишлайди.
Биринчи чип январь ойида имплантация қилинган
2024 йил январь ойи охирида елкасининг паст қисми шол бўлиб қолган одамга илк марта мия чипи ўрнатилганди. У видео ўйинлар ва шахмат ўйнаши, ўз фикрлари билан ҳаракатлар қилиши, интернетдан фойдаланиши ва ижтимоий тармоқларда постлар чоп этиши мумкин эди.
Операциядан бир ой ўтгач, ишлаб чиқувчилар қурилмадаги носозликларни пайқашди. “The Wall Street Journal” маълумотларига кўра, чипнинг ипга ўхшаш электродларининг аксарияти силжиган ва сигналларни ўқишни тўхтатган. Шундан сўнг, Neuralink муаммо такрорланмаслиги учун чипни иккинчи кўнгиллининг миясининг мотор кортексига чуқурроқ жойлаштириш ниятида эканлигини маълум қилди. Май ойида компания АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика идорасидан чипни иккинчи кўнгиллига имплантация қилиш учун рухсат олди.
Шунингдек, WSJ 2024 йил охиригача Neuralink қурилмаларни 10 нафар кўнгиллига имплантация қилишни режалаштирганини ёзмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Илон Маскнинг мия чипи ўрнатилган фалаж бемор компьютер сичқончасини бошқаргани хабар қилинганди.