Машҳур футболчининг уйи тунаб кетилди
Спорт
−
04 Сентябрь 2023
9278Футбол бўйича Франция терма жамоаси аъзоси Дайо Упамеканонинг уйига ўғри тушди. Бу ҳақда “Le Parisien” нашри хабар берди.
Манбага кўра, ҳодиса жорий йилнинг 26 июль куни Париж яқинидаги Нёйи-сюр-Сен коммунасида юз берган. Ўғрилар ўша куни футболчининг уйида йўқлигини билган ҳолда бу ишни амалга оширгани айтилмоқда. Воқеага “Бавария” клуби ҳимоячисининг онаси ва укаси гувоҳ бўлиб қолган.
Уч нафар номаълум шахс бир нечта телефон, компьютер, банк карталари ва соатларни ўмарган. Мазкур буюмларнинг барчаси футболчининг укасига тегишли бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ўғирликда гумон қилинаётган шахслар тўртинчи одам ёрдамида уйдан қочиб қолган. Ҳозирда гумонланувчилардан икки нафари – 17 ва 23 ёшли йигитлар полиция томонидан қўлга олинган. Тергов-қидирув ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франциянинг ПСЖ клуби дарвозабони Жанлуижи Доннарумма ва унинг хотини Париждаги уйидан ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар берган эдик. Воқеадан бир неча соат вақт ўтгач, жуфтлик ўғрилар қўлидан қутулишга муваффақ бўлган ва уйи яқинида жойлашган меҳмонхонага борган. Меҳмонхона ходимлари дарҳол полицияга хабар берган ҳамда жабрланувчиларни шифохонага юборган.
LiveБарчаси