Машҳур блогер наркотик савдосида гумонланиб, қўлга олинди

3-саҳифа

image

Кеча, 23 август куни TikTok’да “Doctor Food” номи билан танилган, 8 миллиондан ортиқ обуначига эга блогер Жорж Диб Ливанда қўлга олинди. Бу ҳақда “The National” хабар берди.

Маълум қилинишича, у гиёҳванд моддалар билан боғлиқ айбловлар бўйича қидирувда бўлган. Шунингдек, Диб аввалроқ айнан шу иш бўйича сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ливан Ички хавфсизлик кучларининг маълумотига кўра, Жорж Диб Ҳалба суд бўлинмаси ходимлари томонидан қўлга олинган. Унга нисбатан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят бўйича иккита алоҳида ҳибсга олиш ордери чиқарилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари блогерни тахминан бир ой давомида кузатган. Кузатув давомида унинг Аккар ҳудудидаги Раҳбе шаҳрида яшаётгани аниқланган. Шундан сўнг унинг уйида тинтув ўтказилиб, Диб қўлга олинган.

Қайд этилишича, блогер қўлга тушмаслик учун автомобили ва телефон рақамини тез-тез алмаштирган. У контент суратга олганидан кейин жойни тарк этиб, ўз ҳаракатларини кузатишни қийинлаштиришга уринган. Бироқ бир ойга яқин давом этган кузатув натижасида унинг манзили аниқланган.

Дибнинг номи 2024 йилда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ терговдан сўнг кенг жамоатчиликка маълум бўлган. Ливан расмийларига кўра, унинг корхоналарида ишлаб чиқарилган айрим қандолат ва озиқ-овқат маҳсулотларидан гиёҳванд моддалар аниқланган. Ушбу маҳсулотларни Форс кўрфази давлатларидан бирига юбориш режалаштирилгани айтилган.

Шундан сўнг Байрутдаги Рафиқ Ҳарири халқаро аэропортида гиёҳванд моддалар бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари мусодара қилинган. Дибга нисбатан гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш, сотиш ва хорижга контрабанда йўли билан олиб чиқиш айбловлари бўйича ҳибсга олиш ордери берилган.

Маълум қилинишича, Ливан суди Жорж Дибни гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва контрабанда қилиш айбловлари бўйича сиртдан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилган.

Блогер эса ўзига қўйилган айбловларни аввал ҳам рад этган. У ижтимоий тармоқлардаги обуначиларини бу даъволарга ишонмасликка чақирган.

Маълумот учун, Жорж Диб TikTok’да таомлар, ресторанлар ва турмуш тарзи ҳақидаги видеолари билан машҳур. Унинг платформадаги обуначиларининг сони 8 миллиондан ошади. Айтилишича, жиддий айбловлар ва аввалги суд қарорига қарамай, у ижтимоий тармоқларда контент жойлаштиришда давом этган.

Қўлга олинган блогер янги суд жараёни доирасида Ливаннинг тегишли суд органларига топширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия суди блогер Гусейн Гасановни сиртдан 4 йилга озодликдан маҳрум қилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг