Масала 99 фоиз бизнинг фойдамизга ҳал бўлган – Жапаров Кампиробод ҳақида
Олам
−
27 Февраль 14785 3 дақиқа
Кеча, 26 февраль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Европа парламенти инсон ҳуқуқлари бўйича қуйи қўмитасининг депутатлари делегацияси билан учрашувда “Temirov live” журналистлари иши ҳамда суд томонидан оқланган “кампирободликлар” ҳақида қисқача фикр билдирди. Учрашув видеосини НТРК телеканали эълон қилди.
“Икки журналист қамоқда, яна иккисига пробация қўлланди, етти нафари оқланган. Суд уларни оқлади, биз бу қарорга рози бўлдик. Ўзбекистон билан чегарани ҳал қилаётганимизда “кампирободликлар” пайдо бўлди. Улар ерни қўшни давлатга топшириб юбордик, ҳукуматнинг қарори нотўғри бўлди, деб айтишди. Аммо аслида аҳолининг 99 фоизи масала бизнинг фойдамизга ҳал бўлганини кўрди. Иккала давлатнинг манфаатлари ҳисобга олинди. Лекин, атиги 26 киши митинг ўтказиб, одамларни қўзғолонга чақирди ва шу сабабли ҳибсга олинди. Суд уларни оқлади. Биз бунга қаршилик билдирмадик”, деди Садир Жапаров.
Президент мамлакатда демократия ва сўз эркинлиги борлигини таъкидлаб, айрим мустақил ОАВ у ҳақида ёлғон маълумот тарқатаётган бўлса ҳам, уларни судга бермаётганини ва улардан миллионлаб компенсация талаб қилмаётганини қайд этди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 25 февраль куни Қирғизистон Олий суди “Temirov live” журналистлари Махабат Тажибек қизи ва Азамат Ишембеков адвокатларининг кассация шикоятини кўриб чиқиб, олдинги инстанция қарорини ўз кучида қолдирди. Унга кўра, журналистлар мос равишда олти ва беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Махабат Тажибек қизи ва Азамат Ишембеков 2024 йил январь ойида ҳибсга олинган 11 журналист орасида эди. Уларнинг барчаси журналист Болот Темиров жамоасининг амалдаги ёки собиқ аъзолари бўлган. Милиция уларга Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддаси – “Оммавий тартибсизликларга чақириқлар” бўйича айблов қўйган.
Кампиробод иши бўйича
2022 йил 22 октябрда Қирғизистонда Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитаси тузилган эди. Унинг таркибига фаоллар, сиёсатчилар ва парламент депутатлари кирган. 23 октябрдан бошлаб оммавий ҳибсга олишлар бошланган – 27 киши оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўрганликда айбланиб, қамоққа ташланган.
Қирғизистон ва Ўзбекистон 2023 йил январида давлат чегарасининг умумий участкасини демаркация қилишни якунлади. Баҳсли ҳудудлар бўйича икки томонлама келишувларга кўра, 19 минг гектарга яқин баҳсли ҳудуд Қирғизистон томонига, 4,5 минг гектар ер Ўзбекистонга, жумладан, 1983 йилда қурилган Кампиробод (Андижон) сув омбори ҳам ўтказилди. Келишувларга кўра, келгусида томонлар унинг сув захираларини паритет шартлар асосида бошқаради.
2024 йил 14 июнда Биринчи май туман суди Кампиробод иши бўйича 22 нафар айбланувчини жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқлаш тўғрисида қарор чиқарди. Иш бўйича қамоқда қолаётган 8 нафар шахс суд залининг ўзидаёқ озод қилинди. Қолганлар илгарироқ уй қамоғига ёки кафиллик асосида озод қилинган эди. Яна 5 кишининг иши алоҳида ишлаб чиқишга қолдирилган.
Live
Барчаси