Марокашда зилзила оқибатида 300 га яқин одам ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
09 Сентябрь 2023
7506Марокашда 6,8 магнитудали зилзила содир бўлиши оқибатида 296 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Марокаш Геофизика маркази Атлас тоғлари ҳудудида 7,2 магнитудали зилзила содир бўлганини айтмоқда. АҚШ Геология хизмати эса зилзила кучини 6,8 магнитудага баҳолади ва у нисбатан саёз 18,5 км чуқурликда содир бўлганини айтди.
Зилзила содир бўлган тоғли ҳудуд Марракеш шаҳридан 70 км жануби-ғарбда жойлашган. Зилзила маҳаллий вақт билан соат 23:00 дан кейин бошланган. У соҳил бўйидаги Работ, Касабланка ва Эс-Сувейра шаҳарларида ҳам сезилди.
"Reuters" агентлигининг Марракеш аҳолисига таяниб хабар беришича, UNESCO’нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган эски шаҳарда бир нечта бино қулаб тушган. Маҳаллий телевидение эса масжиднинг қулаган минораси тасвирини кўрсатган.
Ҳодиса ҳақидаги расмий маълумотлар бир неча соатдан кейин пайдо бўлди. Кейинроқ Ички ишлар вазирлиги камида 296 киши ҳалок бўлгани ва 153 киши яраланганини маълум қилган.
LiveБарчаси