Марказий Осиёда яшаш учун энг қиммат шаҳар қайси?
Жамият
−
11 июл 13405 2 дақиқа
Тошкент Марказий Осиёда яшаш нархи энг қиммат бўлган учинчи шаҳар бўлди. Бу ҳақда Халқаро Numbeo платформасининг яшаш нархи энг қиммат шаҳарлар рейтингида эълон қилинди.
Рейтингга кўра, Ўзбекистон пойтахти минтақада яшаш қиймати бўйича Қозоғистоннинг икки шаҳаридан кейинги учинчи ўринни эгаллаган. Маълум қилинишича, рейтингни тузишда асосий мезон сифатида Нью-Йоркдаги яшаш қиймати олинган бўлиб, унга 100 балл берилган. Қолган шаҳарлар шу кўрсаткичга нисбатан баҳоланган.
Маълумот учун, Numbeo рейтинги дунё шаҳарларида товар ва хизматлар нархи ҳақидаги фойдаланувчилар маълумотлари асосида шакллантирилади. Индекс ҳисобланишида уй-жой ижараси, озиқ-овқат, транспорт, ресторанлар, коммунал хизматлар ва бошқа кундалик харажатлар инобатга олинади.
Тадқиқотга дунёнинг 547 та йирик шаҳри киритилган. Марказий Осиё шаҳарлари орасида энг юқори ўринни Олмаота эгаллаб, жаҳон рейтингида 409-ўриндан жой олган. Кейинги ўринларда Остона (469), Тошкент (487), Бишкек (493) ва Душанбе (497) қайд этилган.
Платформа маълумотларига кўра, Тошкентда яшаш қиймати индекси 31,2 баллни ташкил этган. Бу шаҳардаги умумий нархлар даражаси Нью-Йоркка нисбатан тахминан 70 фоизга паст эканини англатади. Тошкентнинг уй-жой ижараси индекси 13,5 балл, озиқ-овқат индекси эса 35,2 баллни ташкил этган.
Numbeo ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда тўрт кишилик оиланинг ойлик яшаш харажатлари (ижара ҳақини ҳисобга олмаганда) тахминан 22,3 млн сўмни ташкил этади. Бир киши учун ўртача ойлик харажат эса 6,1 млн сўм атрофида баҳоланган.
Тадқиқотга кўра, Ўзбекистондаги умумий яшаш қиймати АҚШга нисбатан ўртача 58,9 фоизга, уй-жой ижараси эса 70,9 фоизга арзон ҳисобланади.
Жаҳон рейтингида эса Швейцария шаҳарлари етакчилик қилган. Энг қиммат шаҳар деб 123,1 балл билан Цюрих тан олинган. Бешликка, шунингдек, Жоржтаун, Люцерн, Базель ва Женева ҳам кирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Global Peace Index Дунёнинг энг хавфсиз 5 та мамлакатини эълон қилган эди.
Live
Барчаси