Марказий Осиё Осиё ва Европанинг юраги – Рубио

Жамият

−

image

Марказий Осиё, эҳтимол, Осиё ва Европанинг юраги ҳисобланади. Тарихан ушбу минтақа Ғарб ва Шарқ ўртасидаги савдо-сотиқнинг чорраҳаси бўлиб келган. Бу ҳақда бугун, 19 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқанд шаҳрида ўтказилган “C5+1” форматидаги вазирлар йиғилишида гапирди.

Рубио ушбу тарихий ва ғоят муҳим воқеа муносабати билан Самарқандда йиғилган барчанинг номидан минатдорлик билдирган.

“Биласизми, Марказий Осиё, эҳтимол, Осиё ва Европанинг юраги ҳисобланади. Тарихан Марказий Осиё Ғарб ва Шарқ ўртасидаги савдо-сотиқнинг чорраҳаси бўлиб келган. Бугун эса глобал ҳамкорликнинг янада кенгроқ қайта тикланиши доирасида у трансмиллий тижоратда яна ўша муҳим ролни ўйнаш асносида турибди. Аммо Марказий Осиё, шунингдек, сармоялар учун янги майдон ҳамдир. У экспорт учун янги манзил — барча халқлар келажаги учун жуда муҳим бўлган материаллар етказиб бериладиган марказий терминал вазифасини ўтайди”, дейди Рубио.

Унинг айтишича, АҚШ суверенитетга эга ва мустақил мамлакат ҳамда иқтисодиёт бўлиб қолиш, хавфли хорижий ҳамкорларга ёки ҳатто душманларга ҳеч қачон қарам бўлиб қолмаслик учун муҳим саноат тармоқлари ва уларни қўллаб-қувватловчи таъминот занжирларини мустаҳкамлашга интилади. Ушбу “C5+1” форуми АҚШнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан янада яқин ва тинч-тотув муносабатларни ривожлантиришга бўлган нафақат манфаатини, балки қатъий содиқлигини ҳам ифода этади.

“Биргаликда биз мамлакатларимиз учун ҳар биримиз суверен давлат бўлиб қолишимиз ва жамоавий фаровонлигимизни биргаликда оширишимиз учун зарур бўлган ресурслар, сармоявий имкониятлар ва савдо шерикликларини таъминлай оламиз”, дейди АҚШ Давлат котиби.

Унинг айтишича, ўтган йили Вашингтонда бўлиб ўтган ва ўзи иштирок этиш шарафига муяссар бўлган “C5+1” саммити барча мамлакатлар учун ҳақиқий бурилиш нуқтаси бўлган. Оқ уйдаги ўша биргина учрашувнинг ўзи транспорт, энергетика ва молия соҳаларини, шунингдек, бошқа муҳим миллий устунларни мустаҳкамлайдиган 25 миллиард долларлик янги битимларни олиб келган.

“Президент Трамп ва сизларнинг раҳбарларингиз биргаликда савдо ва сармояларни оширишга ёрдам берадиган меъёрий ҳамда меҳнат муҳитини рағбатлантиришга ваъда беришган эди ва бу ҳафта биз ушбу мажбуриятларни янада ривожлантириш устида ишламоқдамиз”, дейди Рубио.

Унинг айтишича, АҚШ Транскаспий савдо йўналиши инфратузилмаси яхшилайди ва ҳамкорларга Америка ҳамда Марказий Осиё бозорларига чиқишнинг кўпроқ усулларини тақдим этади. Муҳим минераллар бўйича мулоқотда интеграциялашган, юқори қийматли таъминот занжирларини илгари суриш орқали энергетик келажакни таъминлашга ҳаракат қилинади.

“Марказий Осиёнинг ўсиб бораётган технологик тармоқларида Американинг илғор технологияларидан фойдаланиш ва уларни қўллаб-қувватлаш учун минглаб ёш мутахассисларни тайёрлаймиз. Шунингдек, “C5+1” форуми, “B5+1” форуми орқали мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама савдо ва сармояларни сезиларли даражада оширадиган давлат ва хусусий сектор ўртасидаги мулоқотни енгиллаштирамиз”, дейди Рубио.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўтказилган бизнес тадбирлари доирасида савдо, инвестиция ва технологик ҳамкорлик соҳасида умумий қиймати 12 миллиард АҚШ долларини ташкил этувчи 54 та шартномадан иборат пакет имзолангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг