Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти ўртача 5,2 фоизга ўсиши кутилмоқда – ЕТТБ
Олам
−
16 Май 2023
4305Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Марказий Осиё мамлакатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва шунингдек, Мўғулистон иқтисодлари 2023 йилда ўртача 5,2 фоизга ўсишини кутмоқда. Бу бўйича банк 2023-2024 йилларга оид ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботда айтилишича, Марказий Осиё геосиёсий қарама-қаршиликларга чидамлилигича қолмоқда ва 2024 йилда ўсиш суръати 5,4 фоизга кўтарилиши мумкин.
“Россиядан корхоналар ва жисмоний шахсларнинг кўчиб келиши бошқарувнинг яхшиланиши, товарлар экспортининг кўпайиши ва Хитой билан янги алоқалар туфайли минтақа 2024 йилда тахминан 5,4 фоизга ўсишда давом этиши кутилмоқда”, дея прогноз қилган ЕТТБ.
Бундан ташқари, ЕТТБ Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодлари Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ нохуш геосиёсий ҳодисаларга чидамлилигини кўрсатганини маълум қилган.
“Минтақа иқтисодларининг аксарияти халқаро фирмаларнинг Россия бозоридан чиқиб кетиши натижасида юзага келган бўшлиқда воситачи бўлиб, ўз маҳсулотларини етказиб бериб, Россия билан савдо ҳамкорлигини мустаҳкамлади. Марказий Осиёга хориждан пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражада ошди. Бу эса банк депозитлари ва фойданинг ошишига хизмат қилди. Россия фирмалари ва жисмоний шахсларининг кўчирилиши чакана савдо, кўчмас мулк ва туризм соҳаларида талабни оширди”, дейилади минтақавий иқтисодий прогнозда.
Айтилишича, айни пайтда Россиядаги кучли ишчи кучи талаби ва рублнинг мустаҳкамланиши сабаб меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ҳам ошган.
“2023 йилнинг биринчи чорагида минтақа бўйлаб ўсиш давом этди, аксарият мамлакатларда истеъмол нархлари инфляцияси марказий банклар томонидан белгиланган мақсадли диапазонлардан анча юқори бўлиб қолди. Минтақанинг иқтисодлари яқин келажакда тез суръатлар билан ўсишда давом этиши мумкин, бироқ фоиз ставкалари, инфляция ва хом ашё баҳосидаги глобал тенденцияларга нисбатан ноаниқлик сақланиб қолмоқда”, дейилган ҳисоботда.
ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича маслаҳатчиси Антон Усов тақдим этган маълумотида Ўзбекистонга ҳам оид алоҳида прогнозлар келтирилган. Унда айтилишича, Ўзбекистон иқтисодиётига Россиянинг Украинага қарши урушининг янада кучайиши ва пул ўтказмаларининг қисқариши тўсқинлик қилиши мумкин.
“2022 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 5,7 фоизга асосланган кенг ўсишни қайд этди, бу ташқи ва ички талаб шароитларининг сезиларли яхшиланганини, жумладан пул ўтказмалари икки баравардан зиёд кўпайганини акс эттиради. Иқтисодиёт 2023 ва 2024 йилларда 6,5 фоизга ўсиши кутилмоқда, бунинг сабаби хорижий инвестициялар, компаниялар ва жисмоний шахсларнинг кириб келиши, яхши бошқариладиган хусусийлаштиришлар ва ишбилармонлик муҳити ислоҳотлари. Нисбатан диверсификацияга қарамай, иқтисодиётга Россиянинг Украинага қарши урушининг янада кучайиши ва пул ўтказмаларининг қисқариши тўсқинлик қилиши мумкин”, деган Антон Усов.
Қозоғистон иқтисодиёти эса хорижий фирмаларнинг Россиядан йирик глобал “ўйинчи” корхоналарнинг кетиши билан боғлиқ фаолиятнинг янги йўналишларига инвестиция киритишига, транспорт ва нефть транзит йўналишларини диверсификация қилиш бўйича доимий саъй-ҳаракатлардан фойда кўраётгани келтирилган.
“Мамлакатнинг сармоявий муҳитини яхшилаш, киришдаги тўсиқларни камайтириш, сиёсатга мойил шахсларнинг иқтисодиётдаги ролини камайтиришга қаратилган режалаштирилган ислоҳотлар ўрта муддатли истиқболда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга ёрдам бериши мумкин. Салбий хавфларга эса давом этаётган инфляция босими ва нефть ва хом ашё нархлари атрофидаги ноаниқлик киради. Умуман олганда, иқтисодиёт 2023 йилда 3,9 фоизга, 2024 йилда эса 4,2 фоизга ўсиши кутилмоқда”, деган ЕТТБ.
Шунингдек, Россиянинг муҳожирларга бўлган талаби Россия капитали ва юқори малакали ишчи кучининг Қирғизистон Республикасига ўтказилиши ҳам оралиқ товар айирбошлаш ҳажмининг сезиларли даражада ошиши мамлакатнинг қисқа муддатли ўсишига хизмат қилувчи асосий омиллардан экани айтилди.
“Солиқ маъмуриятчилигининг яхшиланиши норасмий иқтисодиётни қисқартириш ва солиққа тортиш базасини кенгайтириш орқали ҳам ушбу ўсишга ёрдам беради. Реал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 2023 йилда 7,0 фоизга, 2024 йилда эса 7,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. Йирик энергетика ва инфратузилма лойиҳаларига инвестициялар ҳам ўрта муддатли истиқболда ЯИМ ўсишига ҳисса қўшиши мумкин. Бироқ, заифликлар кредит шартларининг қаттиқлашиши ва Россиядан пул ўтказмаларига боғлиқлигича қолмоқда”, дея Қирғизистон бўйича прогнозлар билан бўлишган ЕТТБ.
Тожикистон иқтисодиёти бўйича прогнозлар қуйидагича:
“Россиянинг Украинага қарши уруши натижасида юзага келган таъминот занжири узилишларига ўта чидамлилигини кўрсатди. Нисбатан паст инфляция, Россиянинг Тожикистондан ишчи кучига бўлган талаби, Хитой билан янгиланган алоқалар, энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобига 2023 ва 2024 йилларда ЯИМ ўсиши 7,5 фоизга етиши кутилмоқда. Хатарлар Афғонистондаги вазият ва Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ ташқи муҳитнинг ёмонлашуви, шунингдек, савдога тўсқинлик қилаётган инфратузилма муаммолари билан боғлиқ”.
Мўғулистоннинг ялпи ички маҳсулотининг реал ўсиши 2023 йилда 7,2 фоизга, 2024 йилда эса 7,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бунга Хитой билан алоқаларнинг тикланиши, туризмнинг тикланиши ва Ою-Толгўй конида тўлиқ ишлаб чиқариш таъсир қилиши мумкин.
“Мамлакатнинг ўсишига салбий таъсир кўрсатадиган хавфлар Украинадаги уруш каби ташқи омиллар билан боғлиқ бўлиб, бу Россия орқали транспорт ва транзитни янада бузиши, глобал кредит шартларининг кескинлашиши, шунингдек, товарлар нархи ва Хитойнинг Мўғулистондан экспортга бўлган талаби билан боғлиқ ноаниқликдир”, деб ёзилган ҳисоботда.
Маълумот учун, аввалроқ ЕТТБ 2023-2024 йилларда жаҳонда ЯИМнинг энг фаол ўсиши Марказий Осиёда кутилаётганини айтиб чиққан эди.
LiveБарчаси