Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди

Жамият

image

Бугун, 23 январь куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги ойларда умумий инфляция пасайиб бориши билан бирга иқтисодиётдаги инфляцион омиллар турли йўналишларда шаклланмоқда. Келгуси чоракларда инфляцияга ўтган йилги энергия нархлари эркинлаштирилишининг таъсири камайиб бориши кутилаётганлигига қарамасдан инфляцион кутилмалар юқори даражада сақланиб қолаётганлиги пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

"Қабул қилинган қарор базавий инфляция кўрсаткичлари ва инфляция кутилмаларини барқарор пасайиш трендига қайтаришга ва ўрта муддатли истиқболда 5 фоизлик таргетга эришиш учун етарли шароит яратишга қаратилган.

Умумий инфляция даражаси 2024 йил октябрь ойидан пасайиш трендига ўтиб, декабрда йиллик 9,8 фоизни ташкил этди. Ушбу трендга нархлар барқарорлашувининг мустаҳкамланаётганлигининг ифодаси сифатида қараш мумкин. 2024 йил якунида истеъмол саватидаги товар ва хизматларнинг тўртдан уч қисмида нархлар ўсиши 2023 йилга нисбатан секинлашди", дейилади хабарда.

Билдирилишича, декабрь ойида базавий инфляция бироз тезлашиб, 7,2 фоизгача ошган. Бунда хизматлар ва ноозиқ-овқат товарлари базавий инфляцияси нисбатан юқори даражада шаклланаётгани таклиф омиллари билан бир қаторда ялпи талаб ортиши билан боғлиқ инфляцияни келтириб чиқарувчи омиллар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Маълум қилинишича, иқтисодиётда 2023-2024 йиллардаги истеъмол ва инвестицион фаолликнинг юқори даражаси сақланиб қолмоқда. Хусусан, иш ҳақи ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг юқори ўсиши аҳоли реал даромадлари ошишига хизмат қилди. Бу эса юқори иқтисодий фаоллик фонида келгуси ойларда ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватловчи таъсирга эга бўлиб, базавий инфляцияга оширувчи босим яратиши мумкин.

Шунингдек, 2024 йил ноябрь-декабрь ойларида мавсумий характерга эга таклиф омилларининг намоён бўлиши ҳисобига аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмалари даражасида ўсиш қайд этилган.

Келгусида инфляцияга ушбу таъсирларнинг камайиб бориши, нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ҳамда макроиқтисодий барқарорликнинг таъминланиши инфляцион кутилмаларнинг пасайишига ёрдам беради.

"Янгиланган прогнозларга кўра, 2025 йил якунига умумий инфляция 7-8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярмида 2024 йилдаги энергия нархлари эркинлаштирилишининг бирламчи таъсири тугаб бориши II чорак якунида умумий инфляцияга сезиларли пасайтирувчи таъсирга эга бўлади. Шу билан бирга, 2025 йилда мазкур ислоҳотнинг навбатдаги босқичи амалга оширилиши муддати бир ойга фарқланиши ҳисобига апрель ойида умумий инфляция даражасининг вақтинча ошиши кутилмоқда", дейилади хабарда.

Билдирилишича, келгусида юқоридаги ўзгаришларнинг базавий инфляцияга иккиламчи таъсирлари даражаси пул-кредит шароитлари йўналишларини белгиловчи муҳим омил бўлади. 2025 йилда юқори иқтисодий фаоллик ҳисобига ялпи ички маҳсулот ўсиши тенденцияси давом этиб, йил якунида 6 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда. Бунда хусусий инвестициялар ортиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи омил бўлиб, товар ва хизматлар таклифининг ортишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, келгуси чоракларда жаҳон бозорида айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ўсиши бўйича хатарлар импорт нархлари орқали инфляцияга оширувчи таъсирга эга бўлиши мумкин.

"2024 йил сўнгги ойларидаги реал самарали алмашув курсининг маълум даражада мустаҳкамланиши қисқа муддатли характерга эга бўлиб, айрим савдо ҳамкорлар валюталарининг қадрсизланиши ҳамда бизда инфляция даражаси уларга нисбатан юқорилиги таъсирида шаклланди. 2025 йилнинг иккинчи ярмида инфляция даражаси пасайиб бориши билан реал самарали алмашув курси ўзининг ўрта муддатли тренди даражасига қайтиши кутилмоқда", дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 2024 йилдаги жорий операциялар ҳисоби сальдоси яхшиланиши ва 2025 йилда савдо ҳамкор давлатларда макроиқтисодий ҳолат нисбатан барқарор бўлиши тахмин қилинаётгани ҳамда алмашув курсига таъсир этувчи ички омиллар бўйича сезиларли хатарлар кутилмаётгани, ўрта муддатли истиқболда ички валюта бозорида мувозанатли тенденциялар вужудга келиши бўйича кутилмаларни шакллантирмоқда.

Пул бозоридаги фоиз ставкалари ва давлат қимматли қоғозлари бўйича даромадлилик кўрсаткичлари жорий пул-кредит шароитларининг нисбатан қатъийлигини кўрсатмоқда. Иқтисодиётдаги реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғаришга мойиллигини кучайтирмоқда.

"Пул-кредит шароитлари қатъийлик даражаси сақлаб қолиниши натижасида келгусида ҳам кредитлаш ҳажмининг ўсиши мўтадил бўлиши ва депозитларнинг юқори ўсиш суръатлари давом этиши ялпи талабни мувозанатлаштирувчи ва монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини камайтирувчи хусусиятга эга бўлади", дейилади хабарда.

Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олиб, ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида Марказий банк бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз, 13,5 фоиз даражасида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шунингдек, ўрта муддатли истиқболда Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетигача барқарор пасайиб бориши учун пул-кредит шароитларининг етарли даражада қатъий шаклланишини таъминлаб боради. Иқтисодиётдаги ялпи талаб ва нархларга оширувчи босимлар келгуси чоракларда кутилганидан кўра кучайиши бўйича эҳтимоллар ва асослар юзага келган тақдирда пул-кредит шароитлари қатъийлиги қайта кўриб чиқилиши мумкин. Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 13 март кунига белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк асосий ставка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг