Марғилондаги мудҳиш ЙТҲда икки нафар 22 ёшли йигит ҳалок бўлди
Жамият
−
27 Август 2020
8515Кеча, 26 август куни Фарғона вилоятида юз берган мудҳиш йўл-транспорт ходисасида икки нафар навқирон йигит ҳалок бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар берди.
ЙТҲ соат 01:00 ларда Марғилон шаҳар, Хиёбон кўчасидан ўтган кўприк устида юз берган. Ҳайдовчи 1998 й.т. А.Р. Cobalt русумли автомобиль тезлигини меъёридан оширган ҳолда бошқариб кетаётиб, йўлнинг хавфли бурилиш жойида рул бошқарувини йўқотиб, ажратиб турувчи бордюр устидан харакатланиб ўтиб, қаршисидан келаётган ҳайдовчи 1986 й.т. Ш.А. бошқарувидаги Spark автомобили билан тўқнашган.
Натижада Cobalt русумли автомобиль ҳайдовчиси 22 ёшли А.Р. воқеа жойида ва йўловчиси 22 ёшли М.Ғ. шифохонада вафот этишган. Spark русумли автомобиль ҳайдовчиси 34 ёшли Ш.А., йўловчилари 46 ёшли Х.М. ва 30 ёшли А.О. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан 26 август куни Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.