“Маракана” стадиони сотувга қўйилди
Спорт
−
28 Октябрь 4564 2 дақиқа
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро штати ўзининг катта қарзини камайтириш мақсадида дунёнинг энг машҳур стадионларидан бири “Маракана”ни сотувга қўйди. Мазкур қарор мамлакатда катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда “Марcа” нашри хабар берди.
Штат ҳукумати стадион сотувидан 320 миллион евро миқдорида маблағ йиғишга умид қилмоқда. Рио-де-Жанейро Қонунчилик Ассамблеясининг Конституция ва Адлия комиссияси (ALERJ) эса ҳукумат тақдим этган қонун лойиҳасига ўзгартиришлар киритган. Дастлаб, сотув рўйхатида бўлган 48 та мулкнинг 16 таси олиб ташланган, ўрнига 30 та янги объект, жумладан “Маракана” стадиони ҳам рўйхатга киритилган.
Комиссия президенти Родриго Аморим ҳукумат энг қиммат ва кам фойдаланиладиган мулклар учун хизмат харажатларини қисқартиришга мажбур эканини тан олган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, стадион ва унга туташ “Aldeia Maracaná” мажмуасининг сотуви 320 миллион евродан ортиқ даромад келтириши мумкин. Шунингдек, Аморимнинг айтишича, асосий мақсад даромад эмас, балки харажатларни камайтириш ва объектдан самаралироқ фойдаланишдир. Штатнинг марказий ҳукумат олдидаги қарзи 1,89 миллиард еврони ташкил этади ва у 2026 йилгача тўланиши керак.
Бу “Маракана” бўйича биринчи сотув ташаббуси эмас. 2011 йилда бразилиялик миллиардер Эйке Батиста стадионни сотиб олишга уриниб кўрган, бироқ таклиф амалга ошмаган. Сўнгги ўн йил давомида стадионни хусусий секторга топшириш ҳақидаги баҳслар мунтазам равишда қайта кўтарилиб келмоқда.
Маълумот учун, “Маракана” 1950 йилги Жаҳон чемпионати учун қурилган ва айнан шу ерда Бразилия терма жамоаси Уругвайга 2:1 ҳисобида мағлуб бўлган. Ўшанда деярли 200 минг томошабин ўйинни стадиондан томоша қилган.
Ҳозирда “Маракана” 78 838 томошабинни сиғдира олади. Бу кўрсаткич кетма-кет учта таъмирлаш натижасида камайган. Биринчиси 1999-2000 йилларда, иккинчиси 2005-2007 йилларда, учинчиси эса 2014 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик пайтида амалга оширилган. “Маракана” ҳозирда Бразилиянинг икки йирик клуби “Фламенго” ва “Флуминенсе” учун уй стадиони ҳисобланади.