Марадона ўлими бўйича суд бўлиб ўтади

Спорт

image

Аргентина суди футбол афсонаси Диего Марадонанинг ўлими юзасидан янги суд жараёнини 2026 йил 17 мартда бошланишини эълон қилди. Бу қарор Сан-Исидродаги 7-сонли жиноят судида маълум қилинди. Бу ҳақда “Buenos Aires Times” нашри хабар берди.

Манбага кўра, 2020 йил ноябрь ойида 60 ёшида вафот этган Марадонанинг ўлимига бепарволиги сабабчи бўлган деб гумон қилинаётган 7 нафар тиббиёт ходими қайта суд қилинади. Айбланувчилар, агар “ўлимга олиб келиши мумкинлигини билган ҳолда бепарво ҳаракат қилган” деб топилса, 8 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Жорий йилнинг май ойида ўтказилган дастлабки суд жараёни судьялардан бири Хульета Макинтач Марадона иши ҳақидаги “Илоҳий адолат” номли ҳужжатли фильмда иштирок этгани фош бўлгач бекор қилинган эди. Шундан сўнг қолган икки судья ҳам истеъфога чиққан.

Энди ишни янги тайинланган ҳайъат  Альберто Ортолани, Пабло Ролон ва Алберто Гаиг кўриб чиқади. Дастлабки суд мажлиси жорий йилнинг 12 ноябрь куни бўлиб ўтиб, унда “далилларни кўриб чиқиш ва қабул қилиш” жараёни ўтказилади.
Марадона 2020 йил 25 ноябрь куни, мия қон қуйилиши бўйича жарроҳлик амалиётидан икки ҳафта ўтиб, уйида вафот этган. Экспертиза хулосасига кўра, у юрак етишмовчилиги, ўткир ўпка шиши ва кенгайган кардиомиопатиядан вафот етган.

Суд материалларида Марадона уйида парвариш қилиш шароитлари “мос эмас” деб баҳоланган. Хона “ифлос, тартибсиз” бўлган, зарур тиббий асбоб-ускуналар, жумладан дефибриллятор йўқлиги қайд этилган.
Прокурорлар тиббиёт жамоасини “оғир бепарволик”да айбламоқда. Ҳимоя томони эса “бир жиноят учун икки марта суд қилинмаслик” тамойилига асосланиб, янги суд жараёнини бекор қилишни сўраган, бироқ суд бу даъвони рад этди.

Янги судда Марадонанинг қизлари Дальма, Жанинна ва Жана, шунингдек, унинг собиқ турмуш ўртоғи Вероника Одежда гувоҳлик бериши кутилмоқда. Суд Сан-Исидро шаҳридаги суд мажлислар залида бўлиб ўтади. Жараён футбол тарихидаги энг машҳур шахсларнинг бири Диего Марадонанинг ўлими юзасидан тиббиёт соҳасидаги масъулият чегараларини аниқлаб берувчи муҳим синов бўлиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аргентина Марказий банки (BCRA) 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати арафасида 1986 йил Мексикада бўлиб ўтган мундиал чорак финалида Диего Марадонанинг Англияга урган машҳур голи тасвирланган янги кумуш танга чиқарган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Диего Марадона Сан-Исидро Аргентина суди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг