Марҳум Шамшетовга руҳий ёки жисмоний қийноқ бўлганми? Сўз Мустақил комиссияга

Жамият

image

Аввал хабар берилганидек, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар иштирокчиси, Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи Полат Шамшетов жорий йилнинг 4 февраль куни юрак хуружидан вафот этган эди. 

Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йил июль ойида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича Мустақил комиссия кеча, 7 февраль куни ҳолат юзасидан расмий баёнот бериб, ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланганини маълум қилган эди.

Ижтимоий тармоқларда эса Полат Шамшетовга нисбатан руҳий ва жисмоний қийноқлар қўлланилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирли фикрлар янграй бошлади. Шу сабабли Мустақил комиссия бугун, 8 февраль куни яна бир расмий баёнотини эълон қилди.

Унда айтилишича, марҳум Полат Шамшетовнинг руҳий ёки жисмоний қийноқларга учраганига оид маълумотлар асоссиз.

“Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия аъзолари Полат Шамшетовнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида 4-сонли Тергов ҳибсхонасига бориб, у ердаги шароитлар, камера ёзувлари, дастлабки тиббий хулоса ва бошқа тегишли ҳужжатларни ўрганишди. Шунингдек, марҳум билан битта камерада бўлган шахслар ва тергов ҳибсхонаси ходимлари билан суҳбат ўтказишди.

Марҳум Полат Шамшетов билан бир камерада бўлган Б.М. ва Ш.С.лар билан суҳбатда, улар 3 февраль куни нонуштадан кейин камерада суд ҳукмини қайта-қайта ўқиган, муҳокама қилишган, тушликдан сўнг сайр қилишгач, камерага қайтишган. Уларнинг айтишича, шу кунларда Шамшетов кўп тамаки чеккани туфайли нафас олиши оғирроқ бўлиб қолган. Ўша куни марҳум кўп безовталанган, тўсатдан уларнинг кўз ўнгида хушини йўқотган”, дейилган расмий баёнотда. 

Қолаверса, комисия камера ёзувларида марҳум Шамшетовнинг ўша кундаги ҳаракатлари, санитария-гигиена ходими ва тез тиббий ёрдамнинг оператив ҳаракатлари аниқ акс этганини айтмоқда. 

“4 февраль куни соат 01:50да Шамшетовнинг соғлиги ёмонлашганлиги сабабли камерадошлари ҳибсхона тиббиёт бўлими шифокорини чақиртирган. Ҳибсхона тиббиёт бўлими фельдшери катта сержант Д.Темиров камерага келган вақтида маҳкум П.Шамшетов ҳушсиз ҳолатда бўлган. Соат 02:15 да РШТТЁИМ Бухоро вилояти филиали тез ёрдам шифокори А.Ғафуров ва фельдшер М.Раҳмонов етиб келган вақтда маҳкум Полат Шамшетов биологик ўлим ҳолатида эканлигини аниқланган”, деган Мустақил комиссия.

Марҳум Шамшетовнинг ўлимига оид баёнотда, шунингдек, ўрганиш ишлари давомида Бухоро вилоят суд-тиббий экпертизаси томонидан ўтказилган текширувларнинг видеоёзувлари ҳам таҳлил қилингани айтилган.

Бундан ташқари, Комиссия аъзолари марҳум вафот этган кунда ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро вилоятидаги филиалидан жалб қилинган тез ёрдам шифокори А.Ғафуров ва фельдшер М.Раҳмонов ҳамда суд-тиббий экспертизасини ўтказган Республика Суд-тиббий экспертиза маркази Бухоро вилоят филиали мутахассислари билан ҳам суҳбатлашган ва керакли маълумотларни олган.

“Маҳбусларга тасдиқланган меню асосида берилган таомлар кўриб чиқилди ва ошхонадаги шароитлар ўрганилди. Ўрганиш давомида марҳумга нисбатан руҳий ёки жисмоний қийноқ қўлланилиши мумкинлигига оид маълумотлар асоссиз эканлиги аниқланди. 

Марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига Комиссия аъзолари номидан таъзия изҳор этамиз”, дейилади расмий баёнотда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг