10 та ҳудудда болалар-ўсмирлар от спорти мактаблари очилади

Жамият

image

2019-2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида болалар-ўсмирлар от спорти мактаблари босқичма-босқич ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 18 февраль куни имзолаган "Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида​"ги қарорида сўз борган.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари, Тошкент шаҳри ҳокимликлари ва Федерация билан биргаликда:

икки ҳафта муддатда аниқ ер участкалари ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари ҳудудида болалар-ўсмирлар от спорти мактабларини ташкил этиш, шунингдек, тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида болалар-ўсмирлар от спорти мактабларини ташкил этиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектларига топшириш учун уларнинг рўйхатини шакллантириши лозим;

бир ой муддатда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида болалар-ўсмирлар от спорти мактабларини ташкил этиш истагини билдирган салоҳиятли тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий инвесторларни аниқлайди;

уч ой муддатда энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида ер участкалари ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини ташаббускорларга тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун, шу жумладан, уларнинг бир қисмида ёки алоҳида ажратилган ҳудудда болалар-ўсмирлар от спорти мактабларини ташкил этиш бўйича ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда тақдим этилишини таъминлайди.

Белгилаб қўйиляптики:

болалар-ўсмирлар от спорти мактаблари биринчи навбатда ипподромлар ҳудудида ташкил этилади; болалар-ўсмирлар от спорти мактабларининг қурилиши Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишилган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади;

болалар-ўсмирлар от спорти мактабларининг моддий-техник базасини дастлабки мустаҳкамлаш, жумладан, техника, анжомлар ва бошқа зарур воситалар билан таъминлаш ташаббускорлар томонидан амалга оширилади;

спорт отларини сотиб олиш бўйича харажатлар, шунингдек, болалар-ўсмирлар от спорти мактабларининг моддий-техник базасини кейинчалик мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;

мазкур қарорга мувофиқ ташкил этилган болалар-ўсмирлар от спорти мактаблари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг балансига ўтказилади;

болалар-ўсмирлар от спорти мактабларининг жорий фаолиятини ташкил этиш (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, коммунал хизматлар, спорт отларига озуқа ва дори-дармонлар сотиб олиш ҳамда бошқалар бўйича харажатлар) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

болалар-ўсмирлар от спорти мактаблари ва спорт якка курашлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг от спорти бўлинмалари фаолиятини ташкилий-методик таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Федерация билан биргаликда амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент қарори От спорти мактаби

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг