Мансабдор шахслар коррупция туфайли 2 трлн сўмдан зиёд моддий зарар етказди – Бош прокурор

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бошчилигида коррупция ҳолатлари бўйича йиғилиш бўлиб ўтмоқда. 

Йиғилиш давомида Бош прокурор ҳудудлар ва ташкилотлардаги коррупция ҳолатлари ҳақида сўз юритди. Бу ҳақда Qalampir.uz мухбири Феруза Нажмиддинова хабар бермоқда.

“Таассуфки, республикамизда ўтган икки йилда 1 986 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 2 трлн. сўмдан ошган”, деди Бош прокурор.

Йиғилишда прокуратуранинг назорат тадбирлари ҳамда тергов натижалари таҳлили асосида коррупция энг кўп учраётган соҳалар, вазирлик ва идоралар кесимида аниқ мисоллар ва рақамларда кўрсатиб берилди. 

Таъкидланишича, иқтисодий соҳадаги коррупциявий ҳолатлар асосан бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнида содир этилмоқда.

“Ўтган икки йилда республика бўйича 371 млрд. сўм бюджет маблағларини талон - торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу қилмишлар учун 2.477 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.

Бюджет маблағларининг рационал тақсимланиши ва мақсадли ишлатилиши юзасидан давлат назоратига масъул молия органларида юклатилган вазифалар талаб даражасида бажарилмаётганлиги танқид остига олинди.

Молия органларининг бюджет сарфини тўлақонли назорат қилишига тизимдаги коррупция ҳолатлари ҳам тўсқинлик қилмоқда”, деди Ниғматилла Йўлдошев.

Маълумотларга кўра, ўтган икки йилда молия органларининг 41 нафар ходими коррупция ҳолатлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.

“Масалан, Давлат молиявий назорати департаментининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бош назоратчи-тафтишчиси Н. Узун қурилиш коллежида аниқланган 265 млн. сўмлик камомадни яшириш эвазига коллеж бош ҳисобчиси А.дан 2.000 доллар ва 500 минг сўм олганлиги учун суд ҳукми билан жазога тортилган.

Ёки, Ғазначиликнинг Андижон вилояти бошқармаси мансабдор шахслари ходимларга иш ҳақи бериш важи билан банкдан 1 млрд. сўм ортиқча пул олишга эришиб, уни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда”, деди Бош прокурор.

Таъкидланишича, вазирлик тизимидаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 22 нафар ходими пенсия учун ажратилган маблағларни талон-торож қилганлиги ва бошқа суиистеъмолчиликлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Жамғарманинг Пискент тумани бўлими бош инспектори М. “Халқ банки” кассири Ҳ. билан бирга, 142 нафар вафот этган фуқаролар номига пенсия расмийлаштириб, жами 86 млн. сўмни ўзлаштириб юборган.

Йиғилиш давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция прокуратура

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг