“Манчестер Юнайтед” Лига кубогида сенсацион тарзда мағлуб бўлди
Спорт
−
28 Август 2025 2776 2 дақиқа
Кеча, 27 август куни “Гримсби Таун” ва “Манчестер Юнайтед” жамоалари ўртасида Англия Лига кубоги 1/32 финал босқичи ўйини Клиторпс шаҳридаги “Бланделл Парк” стадионида бўлиб ўтди. Мазкур учрашувда “Манчестер Юнайтед” кутилмаганда 4-лига вакилига мағлуб бўлиб, турнирни тарк этди.
Учрашувнинг 22-дақиқасида “Гримсби Таун” жамоаси футболчиси Чарльз Вернэм ҳисобни очди. 30-дақиқада эса Тайрелл Уоррен мезбонларнинг устунлигини оширди. 2:0 ҳисобида ортда қолган манчестерликлар иккинчи бўлимнинг 75-дақиқасида Бриан Мбемо орқали ҳисобни қисқартирди. 89-дақиқада Харри Магуайр мувозанатни тиклаб, ўйинни пенальтиларга олиб борди.
Пенальтилар сериясида МЮ поспони Андре Онана Кларк Одуорнинг зарбасини қайтарган бўлса, Матеус Кунья ва Бриан Мбемо ўз уринишларини голга айлантира олмади. Охир-оқибат серия 12:11 ҳисобида “Гримсби Таун” жамоаси фойдасига якун топди. Ўйиндан сўнг МЮ бош мураббийси Рубен Аморим ўз фикрларини билдириб ўтди:
“Мен учун ҳисоб тенглашганми-йўқми – бу унчалик муҳим эмас. Муҳими, биз қандай сигналлар бердик, айниқса, ўйиннинг дастлабки босқичида. Менингча, бугун майдонда кучлироқ бўлган жамоа ғалаба қозонди. Ҳатто энг яхши футболчилар ҳам мағлуб бўлиши мумкин, чунки ҳар қандай жамоа ҳар қандай ижрочилар гуруҳидан устун келиши мумкин. Бугун жамоамиз ҳам, айрим футболчилар ҳам ўз баёнотини беришди. Ўйлайманки, ҳаммага гап нимада экани аниқ, энди олдинга қараб ҳаракат қилишимиз керак. Шубҳасиз, биз ўйинни керакли интенсивликсиз бошладик, прессинг ғоясини йўқотдик ва ўзимизни йўқотгандек кўриндик. Шунинг учун яна такрорлайман: футболчилар майдонда жуда қатъий баёнот беришди.”
Маълумот учун, “Манчестер Юнайтед” жамоаси жорий мавсум доирасида 3 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та мағлубият ва 1 та дурранг билан ҳали ғалаба қозона олгани йўқ.
Live
Барчаси