Мактаблардаги мажбурий тўловлар қонунбузарликми ё зарурат?
Интервью
−
22 Октябрь
4950Мактаб бошланиши билан “йиғди-йиғди”лар ҳам бошланиши барчага маълум. Ҳали мактаб, ҳали синф фонди. Йил охирида мактаб таъмири учун йиғиладиган пул.
Ҳеч бир мезонларда кўрсатилмаган ва ҳеч қаерда қайд қилинмаган ушбу маблағларни талаб қилиш ноқонуний ҳисобланса-да, фарзандига ўқитувчининг муносабати ўзгаришидан чўчийдиган ота-оналар ушбу асоссиз тўловга рози бўлишади. Аслида эса мактабнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан пул ажратилишини ҳамма билса керак. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ҳам тез-тез эслатмалар берилади.
Жумладан, 29 август куни Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар томонидан мактабларда ота-оналардан мажбурий ундириладиган фонд пули ҳақида сўралганда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Усмон Шарифхўжаев қуйидагича жавоб берган эди:
“Бюджетдан ташқари маблағ ишлатган мактаблар бор. Ўша элементар хизматни мактабнинг ўзига кўчириб, яъни қўшимча пуллик дарсларни йўлга қўйиб, ўқитувчиларга устама пули тўлаётган мактаблар мавжуд. Маҳаллий бюджет ҳозирда 10 мингдан зиёд мактабларни қоплаяпти, десак ёлғон гапирган бўламиз. Синф ва мактаб фондига пул йиғиш нотўғри. Агарда шундай ҳолат кузатилса, бизнинг ишонч телефонларимизга мурожаат қилишингиз мумкин.
Аммо шунча огоҳлантиришлар ва қонуний тақиқларга қарамай мактабларда янги ўқув йили билан бирга “янги йиғим-терим” ишлари бошлангани тўғрисидаги гап-сўзлар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўляпти. Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ аҳоли орасида сўровнома ўтказди.
“Фонд пули йиғиладими, йиғилмайдими, билмайман. Лекин биз “краска”, парда ва гулга, ремонтга пул берамиз, менимча шу фонд пули бўлса керак”, дейди шаҳар ободонлаштириш хизматида ишлайдиган аёл.
Боласи мактабга борадиган бошқа бир она эса йилда бир бор ремонтга пул беришини айтмоқда.
“Бир йилда юз мингдан йиғишяпти. Бермасак, бермадинг дейишади. Ота-оналар гапиради, бермаганнинг рўйхатини ўқитувчига беришади. Боламни ажратиб қўйишади, мажбур тўлаймиз кейин”, дейди фарзанди 3-синфда ўқийдиган аёл.
Айрим ота-оналар бу йиғ-йиғлар фарзанди учун экани ва бунга рози эканларини айтишди.
“Тўласак, фарзандимиз учун тўлаймиз, яхши шароитда билим олишларини хоҳлаймиз, давлат ҳаммасини бирдек таъминлаб беролмайди. Биз бунга қарши эмасмиз. Розимиз, ҳамма нарса берилади. Ручкаси қолмаса, ўқитувчи ручка беради, дафтар беради. Болаларнинг эсидан чиқиб қолади-да баъзида дафтар-ручка олиб бориш. Шу фонднинг ҳисобидан бўлса керакда”, дейди яна бир она.
Фарангиз Қосимова