Мактабларда ота-оналардан тилхат олиш вазирлик буйруғими? ХТВ изоҳ берди
Жамият
−
22 Май 2019
5256Ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситаларида умумий ўрта таълим мактаблари директори, синф раҳбарлари томонидан мажбурий равишда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан фарзандларини ёзги таътил кунларида тўлиқ назорат қилишлари бўйича тилхат олинаётганлиги тўғрисида турли хил хабарлар тарқалди.
Мазкур хабарлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги расмий баёнот берди.
Вазирлик баёнотида қайд этилишича, ота-оналардан фарзандларини ёзги таътил кунларида назорат қилишлари бўйича тилхат олишга кўрсатма берилмаган.
Қайд этилишича, ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан турли мазмундаги тилхат олиниши мактаб директори ва синф раҳбари томонидан ўзбошимчалик билан амалга оширилган хатти-ҳаракатдир.
“Халқ таълими вазирлиги бу каби ҳолатлар содир бўлганида ота-оналар мактаб вакилларига бундай ҳаракати нотўғри эканлигини тушунтиришлари лозим. Ўз навбатида мана шундай хатти-ҳаракатлар юзасидан вазирликнинг 10-06 ишонч телефонига қўнғироқ қилиш зарур. ХТВ томонидан аниқланган ҳар бир салбий ғайриқонуний ҳолат юзасидан мактаб директори, синф раҳбари ва мутасаддиларга нисбатан қонунчилик доирасида жазо чоралари кўрилади”, дейилган хабарда.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги томонидан ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка йўл қўймаслик чораларини кўриш, таътилни мазмунли ўтказиш бўйича мактабларда ота-оналар йиғилишларини ўтказиш ва ушбу йиғилишларда ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга тегишли тавсиялар бериш юзасидан барча халқ таълими ҳудудий бошқармаларига кўрсатмалар берилган.
LiveБарчаси