Мактабда жорий этилаётган янги лавозим эгаларининг вазифаси айтилди

Олам

image

Ўтган ҳафта имзоланган Президент қарорига мувофиқ, мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинмоқда. Бугун, 15 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан қилаётган мулоқотда ушбу лавозимни эгаллайдиган шахснинг вазифаларига нималар кириши айтилди.

Маълум қилинишича, мактаб маслаҳатчилари 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши ва касбий қизиқиши бўйича саралаб, 9-синфни битирганида техникумларга йўналтиради.

Шу билан бирга, 9-синфни битириб, техникумга кирган ёшларга мактабга қайтиб келиш имконияти бор. Эндиликда 10-синфга ўтиб, мактабда ўқиш фикридан қайтган ёшлар ҳам таълимни техникумда давом эттириши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, бу йил 11-синфни битириб, олийгоҳга кира олмаган 200 минг ёшлар ҳам техникумларда 3-6 ойлик қисқа муддатли дастурлар асосида касбга ўқитилади.

“Янги ташаббусларимиздан мақсад нима? Ҳар бир болани касб-ҳунар орқали даромадли қилсак, барча оилаларнинг рўзғори бут бўлади, маҳаллаларда тинчлик ҳукм суради”, деди Президент.

Давлат раҳбари техникумдаги муаллим ва усталарнинг малакасини, жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича ҳам янги ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, мактабдаги каби техникумларнинг ўқитувчи ва усталари учун касбий сертификатлаш тизими жорий қилинади. Шу орқали техникум устозларига миллий сертификат учун ойлигининг 30 фоизи, халқаро сертификатга эса 50 фоизи миқдорида устама тўланади.

Шу билан бирга, техникум директори ва ўринбосарларига мактабдаги ҳамкасбларидан кам бўлмаган ойлик қилиб берилади. Агар улар “Директорлар мактаби”да менежерлик сертификатини олса, яна қўшимча 20 фоиз устама тўланади.

Эндиликда техникумларда ҳам олийгоҳлардаги каби илмий даража ва унвонлар учун устамалар тўлаш йўлга қўйилади. Ҳар йили 500 нафар муаллим илғор хорижий таълим ташкилотларига, яна 500 нафар усталар эса чет элдаги йирик корхоналарга стажировкага юборилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев мактаб техникум мактаб маслаҳатчиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг