Мактаб ўқувчиларининг рўмол ўраши ва соқол қўйишига рухсат берилдими? ХТВ баёнот билан чиқди

Жамият

image

Янги таҳрирда ишлаб чиқилиб, қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун билан Ўзбекистонда жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ қонундан чиқариб ташланди. Шундан сўнг, фуқаролар орасида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг кийиниш маданияти, хусусан, ўқувчи қизларнинг мактабда бош кийимда юриши ҳамда ўғил бола ўқувчиларнинг соқол қўйган ҳолда мактабга келиши масаласида турли саволлар келиб чиқмоқда. Халқ таълими вазирлиги юқоридагиларни инобатга олган ҳолда расмий баёнот берди.

Унда ёзилишича, ўқувчиларни умумий ўрта таълим муассасаларида кийиниш маданияти билан боғлиқ нормалар амалдаги таълим тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари билан белгилаб берилган. Шунингдек, янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонуннинг шарҳида ҳам амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан, давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солиниши маълум қилинган.

Хусусан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилгандир. Таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига (бундан диний таълим муассасалари мустасно) йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни 49-моддасида таълим ташкилотларида таълим олувчиларнинг кийим-бошига доир талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши қайд этилган.

 Ҳукумат томонидан 2018 йил 15 августда 666-сон “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган. Шу билан бирга, мазкур қарор билан Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом (матнда кейинги ўринларда – Низом) тасдиқланган.

Мазкур Низомга кўра умумтаълим мактабларида:

  • ўғил бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўяган ҳолда келишларига;
  • қиз бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди.

Низомга мувофиқ, ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилмаслик таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш деб баҳоланади ва бундай ўқувчиларга қуйидаги чоралар қўлланиши мумкин:

  • огоҳлантириш;
  • кундалик дафтарига қайд этиш;
  • тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишларда ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш.

Мазкур талабларга ўқувчилар томонидан қатъий амал қилиниши учун ота-оналар масъул ҳисобланишини Низомда белгиланганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бугунги кунда давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари таълим муассасасига мазкур Низом талабларида белгиланган тартиб ҳамда таълим муассасаси томонидан тасдиқланган мактаб формасига мувофиқ кийинишлари, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги 509-сон қарори билан давлат умумий ўрта таълим муассасалари учун ҳукумат томонидан тасдиқланган мактаб формаси мажбурий ҳисобланади.

Вазирликнинг ёзишича, ижтимоий тармоқларда айрим шахслар томонидан бугунги кунда Низомнинг юридик кучга эга эмаслиги, унда белгиланган қоидалар амалда эмаслиги ҳақидаги ҳеч қандай асосга эга бўлмаган маълумотлар тарқатилмоқда. Ушбу фикрларга шуни алоҳида қайд этишимиз жоизки, замонавий ягона мактаб формаси 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб мажбурий этиб белгиланган бўлса-да, бироқ Низомда белгиланган талаблар давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқувчилари ва ходимлари, ўқувчиларнинг ота-оналари учун бугунги кунда ҳам мажбурий ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди бўйича амал қилади.

“Мактаб формасини жорий этишнинг мақсади ўқувчиларнинг билимли, одоб-ахлоқли, соғлом фикрли, ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб етишишига кўмаклашиш, ўзаро тенглик ва белгиланган тартиб-қоидаларга итоаткорлик ҳиссини уйғотиш, уларнинг саломатликларини муҳофаза қилиш учун шарт-шароит яратиш, ўқувчилар ўртасида cоғлом рақобат муҳитини юзага келтиришдан иборат”, дейилади хабарда.

Таъкидлаш лозимки, Низомнинг 7-бандида ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозимлиги белгиланган.

Бунда Ўзбекистон Республикасида аҳоли турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин ва конфессиялар хамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

996

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг