Расман: Ўзбекистонда жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ қонундан чиқариб ташланди
Жамият
−
06 Июль 2021
17132Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш ҳар доим устувор вазифалардан бири бўлиб келган. Шу боис, парламент томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Ҳужжат Президент томонидан имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га Қонун шарҳини тақдим этди.
Унга кўра, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ Қонундан чиқариб ташланди.
“Шу билан бирга, амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан, давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади”, дейилади шарҳда.
Аввал хабар берганимиздек, Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасида 1998 йил 1 майда қабул қилинган таҳрири 14-моддасига (диний урф-одатлар ва маросимларни ўтказиш тартибини белгиловчи модда) ўзгартиришлар киритилган.
Лойиҳада эса диний маросим ва ибодатларга оид тартиб 13-моддада белгиланган ва унда “жамоат жойларида ибодат либосларида юришга” оид чекловлар назарда тутилмаган. Яъни амалдаги Қонуннинг мазкур чекловга оид қисми чиқариб ташланмоқда.
LiveБарчаси