“Мактаб солиғи”дан тортиб, қимматбаҳо мулк учун солиққача... Президентликка номзод Иноятовнинг дастури қабул қилинди

Жамият

image

Бугун, 29 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XIII қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод ҳамда номзоднинг дастури тасдиқланди. Бу ҳақда партиянинг матбуот хизмати хабар берди.

Қурултойда сўзга чиққан партия фаоллари президентликка номзоди илгари сурилган Улуғбек Иноятов номзодини қўллаб-қувватлаган. Қурултойда номзод масаласи бўйича муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илясович Иноятовни номзод сифатида кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинган. 

Шунингдек, қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан президентликка номзоднинг дастури тўғрисидаги масала ҳам атрофлича муҳокама қилинган.

Номзод дастурида кўзланган асосий мақсад мамлакатда ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилиги мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлатни барпо этиш экани кўрсатиб ўтилган.

Дастурда давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш йўналишларида 100 га яқин таклиф ва ташаббуслар илгари сурилган. 

Хусусан, ижтимоий давлатчилик пойдевори, барқарор жамият ва фаровон турмуш асоси сифатида кучли ижтимоий сиёсат соҳасида пенсия тизимини такомиллаштириш, “Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида”ги, “Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш қўшган ҳолда қуришда иштирок этиш тўғрисида”ги, “Уй-жой қурилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш, тиббий хизматларни рақамлаштириш, мактаблар ўқув дастурларида чет тиллар ва IT бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтириш, “мактаб солиғи”ни жорий этиш, ижара компенсация тизимини докторантларга нисбатан ҳам жорий этиш, пенcионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш каби ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Бундан ташқари, барқарор тараққиёт ва ижтимоий фаровонлик асоси сифатида ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш мақсадида иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолиш, маҳаллий инвесторларга хорижий инвесторлар билан бир хил имтиёзлар бериш, қимматбаҳо мол-мулк учун солиқ жорий этиш, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали тижорий фаолият, реклама билан шуғулланаётганлар даромадларини солиққа тортиш, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар шуғулланиши мумкин бўлган соҳаларни ҳамда ўзини ўзи банд қилган деб ҳисобланадиган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш каби ташаббуслар ўрин олган.

Шу билан бирга, номзоднинг дастурида ижтимоий тенгликка ва халқ ҳокимиятчилигига асосланган демократик бошқарув тизимини ислоҳ этиш бўйича ижро ҳокимияти томонидан муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш, айрим давлат функцияларини босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига ўтказиш, давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг бевосита иштирокини кенгайтириш ҳамда сиёсий партиялар, уларнинг депутатлик бирлашмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш каби таклифлар илгари сурилмоқда.

Келтирилишича, дастурда очиқлик ва миллий манфаатлар устуворлигига асосланган конструктив ташқи сиёсат масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ушбу йўналишда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатларга қўшилиш, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш каби таклифлар илгари сурилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Улуғбек Иноятов Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг