Макрон Европани Путин билан гаплашишни бошлашга чақирди
Олам
−
19 Декабрь 4563 2 дақиқа
Бугун, 19 декабрь куни Брюсселда Франция Президенти Эммануэль Макрон Россия билан тўғридан тўғри музокаралар форматини қайта тиклаш Европа манфаатларига мос келишини айтди. Ушбу баёнот Европа Иттифоқи саммитида Россия активларини мусодара қилиш бўйича келишувга эришилмаганидан сўнг янгради.
Макрон Европа давлатлари Россия Президенти Владимир Путин билан тўғридан тўғри мулоқотни қайта йўлга қўйиш йўлларини топиши зарурлигини айтган. Унинг фикрича, Москва билан музокаралар учун мақбул форматни белгилаш Европа мамлакатлари манфаатларига жавоб беради.
“Ё мавжуд музокаралар доирасида узоқ муддатли тинчликка эришилади, ё биз – европаликлар Россия билан очиқ мулоқотни Украина билан ҳамкорликда қайта бошлаш йўлларини топишимиз керак”, деди Макрон.
Франция Президенти Путин билан тўғридан тўғри телефон орқали алоқада бўлиб келаётган кам сонли Европа етакчиларидан бири ҳисобланади. Улар ўртасидаги сўнгги суҳбат жорий йил июль ойида бўлиб ўтган.
Макроннинг таъкидлашича, Владимир Путин билан яна мулоқот қилиш фойдали бўлиши мумкин. Акс ҳолда, Европа етакчилари ўзаро ҳамда АҚШ вакиллари билан маслаҳатлашишга мажбур бўлади, улар эса вазиятни Москва билан мустақил муҳокама қилиши мумкин. Франция Президентига кўра, бундай сценарий “идеал эмас”.
Макроннинг мазкур баёнотлари Европа Иттифоқи етакчилари ўртасида тахминан 16 соат давом этган музокаралар якунланганидан бир неча соат ўтиб айтилди. Саммит давомида Россия Марказий банкига тегишли бўлган тахминан 200 миллиард евро миқдоридаги музлатилган активларнинг келажаги муҳокама қилинган, аммо уларни тўлиқ мусодара қилиш бўйича келишувга эришилмаган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Европа Иттифоқи саммити якунларига кўра, Украинага қарз жалб қилиш орқали ва Россия суверен активларидан тўғридан тўғри фойдаланмасдан молиялаштириладиган 90 миллиард евро миқдорида фоизсиз кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Германия канцлери Фридрих Мерцнинг таъкидлашича, Украина мазкур кредитни фақат Россия репарация тўлаган тақдирдагина қайтариши керак. Шу билан бирга, у агар Москва репарация тўламаса, Европа Иттифоқи блокланган Россия активларидан кредитни қоплаш учун фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолишини билдирди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь