Макрон Пашинян билан жўрликда қўшиқ куйлади (видео)
Олам
−
13:52 2321 2 дақиқа
Кеча, 4 май куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Арманистонга ташрифи давомида мамлакат Бош вазири Никол Пашинян билан жўрликда машҳур хонанда Шарль Азнавурнинг қўшиғини ижро этди. Бу ҳақдаги лавҳаларни “Franceinfo” телеканали эълон қилди.
Видео Еревандаги давлат зиёфати пайтида суратга олинган. Унда Франция етакчиси қўлида микрофон билан рояль ёнида ўтиргани, роялни эса арманистонлик мусиқачи ва бастакор Ваагн Айрапетян чалаётгани акс этган. Шу билан бирга, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян уларга барабанда жўр бўлган.
Сиёсатчилар “Богема” (La Bohème) қўшиғини ижро этган. Тадбирнинг бошқа иштирокчилари жараённи четдан кузатиб, уларнинг чиқишини телефонда суратга олган. Арманистон Президенти Ваагн Хачатурян эса франциялик мавқедошининг ортида туриб, воқеани табассум билан кузатиб турган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 4–5 май кунлари Ереванда Европа сиёсий ҳамжамияти (ЕСҲ) саммити бўлиб ўтмоқда. Тадбирда 50 та давлатдан делегациялар иштирок этмоқда: нафақат Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар етакчилари, балки минтақавий ҳамжамият ҳамкор давлатлари вакиллари ҳам ташриф буюрган. Саммитнинг асосий мавзуси Арманистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Никол Пашинян мусиқачи сифатида ўзининг шахсий гуруҳи билан саҳнада дебют қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси