Макрон Озарбайжонга нисбатан босимни кучайтирмоқчи. Баку жавоб берди

Олам

image

Франция Президенти Эммануэль Макрон шу ҳафтада Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари билан музокаралар ўтказишга тайёрланаётгани ва (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги можарони ҳал қилишга кўмаклашишини айтди. Бу ҳақда у кеча, 28 август куни республика элчиларининг йиллик конференциясида сўз очди.

“Бу ҳафта мен Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан гаплашаман. Биз Лочин гуманитар йўлаги бўйича келишувларга тўлиқ риоя қилишни талаб қиламиз”, деган Франция раҳбари.

Унга кўра, Франция Озарбайжонга босимни кучайтириш мақсадида халқаро майдонда янги дипломатик ташаббус билан чиқади.

Макроннинг бу гаплари Озарбайжоннинг норозилигига сабаб бўлди. Хусусан, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ойхон Ҳожизода Франция Президентининг “нохолис” баёноти тинчлик жараёнига путур етказиши, минтақадаги мавжуд вазиятни нотўғри кўрсатиши ва Арманистонни бир томонлама ҳимоя қилишини билдирди.

Қайд этилишича, Макроннинг минтақадаги гуманитар вазият ҳақидаги иддаолари Франциянинг нотўғри сиёсатидан далолат беради.

“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми, халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларига мувофиқ Озарбайжон ҳудудларини озод қилишга олиб келган 44 кунлик Ватан урушини қоралаш, шунингдек, Озарбайжондаги гуманитар вазият ҳақидаги баёнотларга алоҳида эътибор қаратилди. 30 йил давомида Арманистон томонидан Озарбайжонга нисбатан содир этилган босқинчилик ва тажовузни ҳеч қачон қораламаган, 1 миллионга яқин қочқинлар ва ички кўчирилганларнинг гуманитар аҳволига изоҳ бермаган Франциянинг минтақадаги баёноти тушунарсиздир”, дейди матбуот котиби.

Ҳожизодага кўра, Франция Президенти томонидан қўлланилаётган “Лочин гуманитар йўлаги” каби иборалар, шунингдек, қабул қилиб бўлмайдиган зўравонлик ҳақидаги ҳикоялар Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига ҳурматсизлик ҳисобланади.

Ҳожизода ҳар куни ўнлаб арманистонликлар Лочин йўлидан фойдаланиб, чегара постидан ўтишини эслатган.

“Озарбайжоннинг Агдам-Хонкенди йўли ва бошқа муқобил йўналишлар бўйича юкларни ташиш бўйича таклифлари ва бунга жавобан Арманистон ҳамда ўзини Арманистон аҳолиси вакиллари сифатида  кўрсатаётган шахслар томонидан ушбу масаланинг сиёсийлаштирилиши, шунингдек, ушбу йўл бўйлаб ноқонуний ҳаракатланиш билан боғлиқ масалалар Францияга яхши маълум. Август ойи бошида бу борада эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш ўрнига, Арманистоннинг провокацион қадамларини қўллаб-қувватловчи фикрлар билдирилмоқда. Бу жараёнга бевосита халақит берувчи омиллардан бири ҳисобланади”, дейди Расмий Баку вакили.

Сўнгра Ойхон Ҳожизода Франциянинг Озарбайжон ҳудудлари Арманистон томонидан босиб олинган давридаги позициясини сўроқ остига олган.             

“Европа Иттифоқининг Прагадаги миссияси ва 1991 йилдаги Олмаота декларациясига мувофиқ бир-бирларининг чегараларини тан олиш ташаббуси муаллифи бўлганини даъво қилаётган Франция шу саволга жавоб бериши фойдалироқ бўлар эди. Нега у деярли 30 йил давомида, Озарбайжон ҳудудлари ишғол остида бўлганида, шунга ўхшаш ташаббуслар билан чиқмади? Озарбайжон минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қатъий қарор қилади ва бу жараёнга тўсқинлик қиладиган ҳар қандай ташқи аралашув қатъий равишда бостирилади”, дейди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 август куни Франция Ташқи ишлар вазири Кетрин Колонна ўзининг арманистонлик мавқедоши Арарат Мирзоян билан телефон орқали суҳбатлашиб, унга Озарбайжон ўзининг халқаро мажбуриятларини, хусусан, Халқаро Суднинг 22 февралдаги қарорида мажбурий этиб белгиланган вақтинчалик чораларни бажариши шарт эканини айтганди. Шунингдек, Кетрин Колонна арманистонлик мавқедошини Франция Қорабоғ аҳолисини қўллаб-қувватлашига, бунинг учун Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг гуманитар ташаббусларига қўшимча 3 миллион евро ажратишига ишонтирган. 16 август куни эса Баку Парижнинг юқоридаги айбловларини асоссиз деб атади ва уни минтақадаги кескинликни янада оширишга уринишда айблади.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Озарбайжон Арманистон Эммануэль Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг