Макрон Мирзиёевни Мустақиллик байрами билан табриклади

Жамият

image

Бугун, 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат аввалида Франция Президенти давлат раҳбари ва кўп миллатли Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан дилдан қутлаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик, катта муваффақиятлар ва равнақ тилади.

Етакчилар Ўзбекистон-Франция муносабатларининг амалий жиҳатларини кўриб чиқдилар, хусусан, 2018 йил октябрь ойида Париж шаҳридаги саммитда эришилган келишувларга мувофиқ “йўл хариталари”нининг бажарилишини муҳокама қилдилар.

Бугунги кунда Франциянинг етакчи компаниялари иштирокида қазиб чиқариш, энергетика, саноат, транспорт ва коммуникациялар соҳалари, коммунал хўжаликни модернизация қилиш, туризм кластерларини ривожлантириш ва бошқа йўналишларда устувор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Франция тараққиёт агентлиги билан молиявий-техник ҳамкорлик бўйича узоқ муддатли дастур қабул қилинган.

Биргаликдаги ташаббусларни илгари суриш мақсадида жорий йил май ойида Тошкент шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва Франция ишбилармонларининг нуфузли делегацияси иштирокида бизнес форуми ўтказилди.

Бир қатор қўшма маданий тадбирларни юксак даражада ўтказиш, шу жумладан келгуси йилнинг биринчи ярмида Лувр музейида мамлакатнинг бой маданий-тарихий меросига бағишланган кўргазмани ташкил этишга келишиб олинди.

Президентлар Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий аҳволнинг кескинлашиши таъсирида минтақадаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашдилар. Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ва алмашинувларни фаоллаштириш муҳим экани таъкидланди.

Ўзбекистон ва Франция етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек ишчан ва дўстона руҳда ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мустақилликка эришган куни яқинлашган сари кўплаб халқаро ҳамкор ва шерик давлатлар Президентга қўнғирок қилиб, бутун мамлакатни Мустақиллик байрами билан табрикламоқда. Жумладан, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Беларусь Президенти Александр Лукашенко ҳамда Абу Даби валиаҳди Муҳаммад Ал-Наҳаён, аллақачон, кўп миллатли Ўзбекистон халқига ўз самимий тилак ва табрикларини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг