Макрон Лувр музейи директорига истеъфо берди

Олам

image

Талончилик, сув тошқини ва сохта чипталар можароси ортидан Лувр директори Лоранс де Кар лавозимидан кетди. Бу ҳақда Елисей саройи матбуот хизмати хабар берди.

Унда айтилишича, де Кар Президентга Лувр директори лавозимидан кетиш ҳақидаги аризасини топширган. Давлат раҳбари уни қабул қилган ва бу қарорни масъулиятли қадам сифатида баҳолаган. Таъкидланишича, дунёдаги энг йирик музейга айни пайтда хотиржамлик ва хавфсизлик ҳамда модернизация бўйича кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш учун янги туртки зарур. Шунингдек, “Лувр – янги уйғониш” лойиҳаси ҳам давом эттирилиши керак.

“Лувр – янги уйғониш” – Париждаги Луврни реконструкция қилишга қаратилган кенг қамровли лойиҳа бўлиб, музейда йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этишни кўзда тутади. Режага кўра, заллардаги ҳаддан ташқари гавжумликни камайтириш, бинога ва санъат асарларига зарар етказаётган сув сизиб чиқишларини бартараф этиш, колонада томондан янги кириш қисмини барпо этиш (бунинг учун атрофдаги майдон тўлиқ қайта қурилади), шунингдек, Мона Лиза учун алоҳида махсус зал қуриш кўзда тутилган.

Макрон де Карга меҳнати ва фидойилиги учун миннатдорлик билдириб, унга Франциянинг G7 доирасидаги раислиги вақтида манфаатдор давлатларнинг йирик музейлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича махсус миссия топширишни режалаштираётганини айтган.

Президент де Карни 2021 йилда Лувр директори этиб тайинлаган эди. Де Кар Лувр тарихида ушбу лавозимни эгаллаган илк аёл бўлди.

Сўнгги йилларда Лувр бир неча бор можаро марказида қолди. Энг шов-шувлиси 2025 йилнинг 19 октябрдаги талончилик бўлди. Жиноятчилар қимматбаҳо тошлар билан безатилган бир неча минг заргарлик буюмларини олиб чиқиб кетган. Ўғирланган бойликларнинг умумий қиймати 88 миллион еврога баҳоланган. Музейдан 8 482 та бриллиант, 35 та зумрад, 34 та сафир ва 212 та марварид йўқолган. Талончилик тахминан тўрт дақиқа давом этган.

Ўғрилар қуйидаги буюмларни олиб кетган: император Наполеоннинг иккинчи рафиқаси Мария-Луиза коллекциясидан маржон ва сирғалар; қиролича Мария-Амалия (1830–1848) ҳамда Голландия қироличаси Гортенция де Богарне коллекцияларидан учта заргарлик буюми (маржон, сирға ва тиара); императриса Евгения коллекциясидан тўртта буюм – икки дона брош, кўйлак учун бант ва тиара.

Терговга кўра, жиноятда камида тўрт киши қатнашган. Улар Аполлон галереясига кириб, қироллик ва императорлик коллекцияларига мансуб тўққизта тарихий заргарлик буюмини олиб чиқиб кетган.

Текширувлар шуни кўрсатдики, музей раҳбарияти йиллар давомида огоҳлантиришларни эътиборсиз қолдирган. Хусусан, 2019 йилда Van Cleef & Arpels заргарлик уйи экспертлари аудит ўтказиб, кейинчалик жиноятчилар фойдаланган айнан ўша балкон ҳимояси заифлигини кўрсатган ва хавфсизликни кучайтиришни тавсия қилган. Бироқ бу тавсиялар бажарилмаган. Талончиликдан сўнг де Кар ўзига истеъфо берган, аммо ўшанда унинг аризаси қабул қилинмаган.

Музей биносининг ҳолати ҳам кўплаб саволларни келтириб чиқаради. Залларда вақти-вақти билан сув сизиб чиқиш ҳолатлари қайд этилади. Охирги марта 12 февралдан 13 февралга ўтар кечаси сув тошқини юз берган – XV–XVI аср асарлари намойиш этилаётган залга сув кирган.
Сув тошқини оқибатида француз рассоми Шарл Мейне томонидан чизилган “Француз рассомчилиги тантанаси: Пуссен, Лесюер ва Ле Брюннинг апофеози” номли шифт картинаси зарар кўрган. Асарда иккита микро ёриқ ва бўёқ қатламининг қисман кўчиши аниқланган.
Февраль бошида эса полиция Луврга сохта чипталар сотиш ва экскурцияларни қайта бронь қилиш билан боғлиқ фирибгарлик схемасини фош этган. Музейга етказилган зарар 10 миллион евродан ортиқ деб баҳоланган. Терговга кўра, схема қарийб ўн йил давомида ишлаган ва ҳар куни 20 тагача гуруҳга хизмат кўрсатган.

Музей маъмурияти текширув 2024 йил декабрида Луврнинг шикоятидан сўнг бошланганини билдирган. Дастлаб бир жуфт хитойлик гид гумон остига олинган – улар Хитойдан келган сайёҳлар гуруҳларини бир хил чипталар билан бир неча бор киритган. Кейинчалик бошқа гидлар ҳам шунга ўхшаш ҳаракатларда гумон қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Лувр музейи Лоранс де Кар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг