Макрон Францияда имомлар кенгаши ташкил этишни таклиф қилди
Олам
−
20 Ноябрь 2020
14210Франция Президенти Эммануэль Макрон Франция мусулмонлар кенгашига 15 кун ичида махсус Низом ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Низомга кўра, диний таълим давлат мактабларидан ажратилиши керак.
Макрон Францияда Имомлар кенгаши ташкил этишни таклиф қилган. Имомлар давлат томонидан махсус аккредитациядан ўтказилади. Белгиланган талаблар бузилса, бу аккредитация бекор қилиниши мумкин.
Янги Низомда ислом сиёсий ҳаракат эмас, балки дин эканлиги белгиланган. Шунингдек, Низомга кўра, мусулмон жамоалари фаолиятига ҳеч қандай хорижий аралашув бўлмайди.
Таъкидланишича, Президент Макрон ва Франция Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен Елисей саройида мусулмонлар кенгашининг 8 нафар етакчиси билан учрашган. Улар билан учрашув давомида Макрон янги Низомда ўзи ислом сепаратизми деб атайдиган ҳолатга қарши курашда қуйидаги таклифларни илгари сурган:
• уйда ўқитиладиган диний таълимни чеклаш ва фақат истисно тариқасида унга рухсат бериш, шунингдек, бошқа диний мактаблар, яъни католик мактаблари фаолияти ҳам назоратга олиш;
• давлат хизматчиларини диний қарашлари билан қўрқитиш тақиқланади;
• ҳар бир болага идентификация рақами берилади ва шу орқали уларнинг мактабда қатнашаётгани текширилади;
• ҳозирда Франция қонунчилигида тақиқланмаган уйда диний таълим бериш кейинги ўқув йилидан чекланади, бу тартибни бузган ота-оналар 7,5 минг еврогача жарима тўлайди ёки олти ойгача қамалади;
• зўравонликка сабаб бўлувчи шахсий маълумотлар тарқалишига йўл қўйилмайди.
Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳаси жорий йилнинг 9 декабрь куни Франция Ҳукумат йиғилишида муҳокама қилинади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 октябрь куни Париж яқинидаги Конфлан-Сент-Онорин коммунасида тарих фани ўқитувчиси ўлдириб кетилди. Ўқитувчи дарсда ўқувчиларга буюк пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг "Charlie Hebdo" журналида чоп этилган карикатурасини кўрсатган. Чеченистонда туғилган 18 ёшли Абдулак Анзоров эса ўқитувчи Самюэль Патига пичоқ билан ҳужум қилиб, уни ўлдиради. Орадан кўп ўтмай, полиция қотилни отиб ташлайди. Ушбу воқеа Макроннинг баёнотлар билан чиқиши ва мамлакатда сўз эркинлигини қўллаб-қувватлашига сабаб бўлди.
LiveБарчаси