Макрон Атталнинг истеъфосини қабул қилди
Олам
−
16 Июль
4753Франция Президенти Эммануэль Макрон Габриэль Атталнинг Бош вазир лавозимидан истеъфосини қабул қилди. Бу ҳақда Елисей саройи ўз коммюникесида маълум қилди.
Шу билан бирга, давлат раҳбари амалдаги ҳукуматга “янги Вазирлар Маҳкамаси шакллантирилгунга қадар жорий масалалар кўриб чиқилишини таъминлаш”ни топширди.
Атталь “Ренессанс” партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари этиб сайлангани сабабли истеъфога чиқди. Шу тариқа, Атталь ва президентлик коалициясидан депутат этиб сайланган 17 нафар ҳукумат вазирлари Франция Миллий Ассамблеяси (парламент қуйи палатаси) йиғилишларида иштирок этишлари мумкин бўлади, биринчи мажлиси 18 июлга белгиланган.
Ўз навбатида, сайлов натижаларига кўра Миллий ассамблеяда энг кўп ўринларни қўлга киритган "Янги халқ фронти" сўл альянси Бош вазир лавозимига қўшма номзодлик борасида ҳалигача консенсусга эришгани йўқ.
Франция Коммунистик партияси раҳбари Фабьен Русселнинг фикрича, номзод жуда яқин вақт ичида аниқланиши керак.
“Агар яқин бир неча соат ёки кун ичида ечим топмасак, бу фалокат ва сайловчиларга ҳурматсизлик бўлади”, дейди у BFMTV телеканалида.
Ҳукуматнинг энг муҳим долзарб ишлари қаторида 26 июлдан 11 августгача Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш ҳам бор.
Маълумот учун, 34 ёшли Габриэль Атталь 9 январь куни Бош вазир лавозимига тайинланиб, Франция тарихидаги энг ёш ҳукумат раҳбарига айланган.
Эслатиб ўтамиз, 8 июлга ўтар кечаси Габриэль Атталь Президент Эммануэль Макронга ўз истеъфосини тақдим этишини айтганди. Бироқ ўшанда Макрон унинг истеъфосини қабул қилишдан бош тортди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь