Махсус комиссия айтганидан нега қайтди? Изоҳ Нурмат Отабековдан
Жамият
−
03 Февраль 2022
16704Хабарингиз бор, жорий йилнинг 7 февралидан мактаб, коллеж-техникум ва олий таълим муассасаларида анъанавий таълим қайта бошланиши эълон қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур кутилмаган қарорни коронавирус тарқалиши камайгани билан изоҳлади.
Аммо, Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг кутилмаган қарори талабаларни мураккаб вазиятда қолдиргани шубҳасиз.
Чунки, жорий йилнинг 23 январь куни Республика махсус комиссияси барча таълим муассасаларида ўқишлар 24 февралдан бошланиши ҳақида айтганди. Нима комиссия ҳам айтиб, ҳам қайтаверадими? Бугун, 3 февраль куни “Халқаро пресс-клуб”нинг навбатдаги сонида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков Махсус комиссиянинг ўқув жараёнларни онлайндан офлайн шаклга ўтказилиши бўйича қилинган қарорига изоҳ берди.
“Республика комиссияси у ёки бу қарорни қабул қилишдан аввал вазиятни ҳар томонлама ўрганади. Биз дастлаб дунёдаги статистик рақамларга эътибор берайлик. Ҳозирга қадар рўйхатга олинган беморлар сони жуда юқори даражага етиб борди. Ҳар куни 3-3,5 млн кишида касаллик қайд этиляпти. Лекин кейинги 20 кун ичида касалликка чалинганлар сонида камайиш ҳам кузатиляпти. Ўзбекистонда ҳам вазият анча барқарор томонга қараб силжий бошлади”, дейди Нурмат Отабеков.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, ҳозир республикада кунига ўртача 1000 та бемор қайд этилаётган бўлса ҳам, вазият бирмунча юмшаган. Негаки, ҳозир шифохоналарда ётган беморларга нисбатан даволаниб чиқаётган беморлар сони кўп. Демак, касаллик аксарият ҳолатда енгил кечмоқда.
“Биз кузатдик, пандемиянинг дастлабки даврида касаллик 85 фоиз ҳолатда енгил, 10 фоиз ҳолатда оғир ва 5 фоиз ҳолатда ўта оғир ўтди. Ҳозир эса касалларнинг 98 фоизида енгил кечмоқда. Демак, ҳозир беморлар деярли тўлиқ ҳолатда уй шароитида даволаниб, касалликдан фориғ бўляпти. Мана шунинг ўзиёқ имкониятларнинг пайдо бўлаётганидан дарак. Қолаверса, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шундай ахборот тарқатдики, унга мувофиқ у ёки бу ҳудуддаги эпидемик вазиятга ҳам баҳо берилади. Дейлик, касалланиш даражаси 1 фоиздан юқори бўладиган бўлса, демак у ерда ҳали вазият беқарор. 1 фоиздан кам бўлса, вазият барқарор ҳисобланади”, дейди мутахассис.
Таъкидланишича, ҳозир Ўзбекистонда бу кўрсаткич 0,8 фоизни ташкил этяпти. Қолаверса, кейинги 1 ҳафта – 10 кун давомида беморлар ҳар куни 50-60-100 нафарга камайиб борётгани кузатиляпти. Шунингдек, дунё давлатлари ҳозир карантин муддатини 14 кундан 7 кунга ва ҳатто, 5 кунга туширяпти. Кўп давлатларда эса карантин чекловлари аллақачон бекор қилинган.
Отабеков юқоридагиларга таянилган ҳолда, талабалар, ўқувчиларнинг вевосита мулоқот орқали билим олишларига шароит яратиш мақсадида Республика махсус комиссияси онлайн таълимни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилганини қўшимча қилди.
Маълумот учун, Республика махсус комиссияси шу тарзда қарор қабул қилиб, кейин айниб қолиши билан боғлиқ ҳолат биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Комиссия эскпресс-тест, дезинфекция тоннеллари борасида ҳам аввал айтиб, сўнг қайтиши билан тилга тушганди.
LiveБарчаси