Самарқанддаги мудҳиш ЙТҲда 3 киши ҳалок бўлди
3-саҳифа
−
05 Октябрь 2020
8223Кеча, 4 октябрь куни Самарқанд вилоятида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.
ЙТҲ соат 20:30 да Нарпай туман “Оқолтин” МФЙда ҳудудидан ўтувчи “Тошкент-Нукус” М-37 автомобиль йўлининг 96 км.да содир бўлган. Ҳайдовчи Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида яшовчи 42 ёшли З.Б. бошқарувида бўлган Tacuma русумли автомашинаси билан “Тошкент-Нукус” йўналиши бўйича ҳаракатланиб бориб, руль бошқарувини йўқотиб, йўлни ажратиб турувчи ўртадаги бетон тўсиққа урилган.
Натижада, ҳайдовчи З.Б. ва йўловчи 26 ёшли Н.А. воқеа жойида, бошқа бир йўловчи 37 ёшли М.С. эса олган тан жароҳатлари оқибатида туман тиббиёт бирлашмасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.
Шунингдек, автомашинада бўлган яна икки нафар йўловчилар 41 ёшли Х.Қ. ва унинг укаси Ж.Қ. турли хилдаги тан жароҳатлари олиб туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 4 октябрь куни Нарпай туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.