Мадримовнинг Тошкентдаги жанги қолдирилди
Спорт
−
12:04 568 2 дақиқа
WBA йўналиши бўйича собиқ жаҳон чемпиони Исроил Мадримовнинг озарбайжонлик боксчи Сеймур Исаевга қарши жанги бошқа муддатга қолдирилди. Жорий йилнинг 30 октябрь куни Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган бокс оқшоми ташкилий сабабларга кўра бошқа кунга кўчирилди. Бу ҳақда Lift Promotions компанияси хабар берди.
“Азиз мухлислар! 30 октябрь куни “Ҳумо Арена”да бўлиб ўтиши режалаштирилган “Халқаро профессионал бокс кечаси” ташкилий сабабларга кўра 10 декабрга кўчирилди. Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз. Сизнинг ишончингиз ва хавфсизлигингиз биз учун муҳим”, дейилади ташкилот баёнотида.
Исроил Мадримов 2024 йил март ойида россиялик Магомед Қурбоновни бешинчи раундда техник нокаутга учратиб, WBA камарини қўлга киритган. Ўзбекистонлик боксчи фаолияти давомида Теренс Кроуфорд ва Виржил Ортис каби машҳур рақибларга қарши ҳам жанг қилгани билан машҳур ҳисобланади.
2026 йил январь ойида рингга қайтган Мадримов Луис Давид Салазарни очколар ҳисобида мағлуб этган. Унинг бўлажак рақиби Сеймур Исаев эса чап қўлда жанг қиладиган боксчи ҳисобланади. Озарбайжонлик спортчи профессионал рингдаги фаолияти ва нокаутлари билан танилган. Шунингдек, у UBO версияси бўйича жаҳон чемпиони бўлган.
Маълумот учун, Мадримов профессионал фаолияти давомида WBA Inter-Continental ва IBF Inter-Continental минтақавий чемпионлик камарларини ҳам қўлга киритган. Ҳаваскорлар ўртасида эса 2017 йилги Осиё чемпионати ва 2018 йилги Осиё ўйинларида ғолиб бўлган, 2014 йилги Осиё ўйинларида 75 кг вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритган.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь