Маддоҳлик ҳам эви биланда: Юлдуз Усмонова Гулнорадан зуғум кўрганини айтиб чиқди
Маданият-санъат
−
27 Июнь 2019
35388Аввалроқ, ўзбекистонлик таниқли хонандалар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, собиқ Фонд Форум васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримованинг ҳимоясига отлангани, ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига унинг суратини жойлаштириб, уни соғинганини ёзиб қолдираётгани ҳақида хабар берган эдик. Бир вақтлар “сарой хонандаси” номини олган ва Гулнора Каримова билан ўта яқин бўлган Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Каримовани қўллаб-қувватлаётган хонандаларга қарши чиқиб, уни ўғриликда айблади. Ушбу видео айни дамда ижтимоий тармоқлар орқали яшин тезлигида тарқалмоқда.
“Санъаткорларимиз ҳаддидан ошиб, Гулнора Каримовани соғиниб, юраклари эзилиб кетибди. Биз соғиндик, қачон чиқасиз, деб... Чиқади бошиларга бало бўлгани, гап йўқ.
Мендан сўрасаларинг бўлади, ёнларида хизматларини қилиб, мени чақирса эрталабгача ухламай, пулимни ололмай ўтирган кунларим бўлган. Қачон кўзингиз очилади, мусулмонлар? Сизлар бугун микрофон ушлаб ашула айтяпсиз, эртага ҳеч ким эмассан. Нимага халқнинг бошини айлантиряпсизлар?
Гулнора Каримованинг давлат билган, таниган 1 миллиарди ташқарида. 1 миллиард долларни гапиряпмиз. Мен 1 миллиард сўмни гапираётганим йўқ. Давлатнинг бир тийини ҳам халқники. Тушундиларингми? Ҳали билмаганлар қанча... Ким нима деса орқасидан эргашиб, бўлди қилинглар энди. Олдин сиёсатчилар бизга тегарди. Бугун сизлар нимага тегяпсизлар? Бу пулни ким қайтаради? Бу халқни пули, сеники ё меники эмас. Бу халқнинг пули, бу давлатнинг пули. Бу сен билганинг, билмаганинг қанча”, дейди стол уриб Юлдуз Усмонова.
Хонанда Гулнора Каримова ҳақидаги фикрларини баён этаркан, ўта ҳиссиётга берилиб, уни ўғриликда айблайди.
“Шунча бева-бечорага уйлар берилди, бошқа қилинди, қийналганга ёрдам бериляпти. Қачон шунақа бўлган? Нима учун бу пулни сўрамаслигимиз керак. Сўраймиз! Мен ўша пулнинг қайтиб келиши тарафдориман. Халқнинг пули халққа қайтсин. У пулга биласизларми нима қилса бўларди? Боғчалар, оиласини зўрға тебратаётганлар бор, орзу-ҳавасда юрганлар бор, ойликдан-ойликгача зўрға яшайдиганлар бор, ота-онаси ишга кетиб ўлиб кетганлар қанча... ўшаларга пул керак, етим-есирга керак, боғча керак, мактаб керак, билим керак, китоб керак. Булар қаердан келади, айтинглар? Сиз ўғрилаб қочсангиз.... Мен қайси ўғрини соғинишим керак. А у ўғри-ку. Мен қайси ўғрини соғинишим керак, йиғиштиринглар, бундай ҳом-ҳатала гапларингни”.
Юлдуз Усмонова Ўзбекистондаги энг қимматбаҳо санъаткорлардан саналади. Унинг битта тўйга 20 дақиқага бориш нархи 2 минг АҚШ долларига тенг. У сўзида давом этиб, бу ишларга аралашгунча, қўшиқ айтишни ўрганиши кераклигини қўшимча қилди.
“Ижод қилинглар, микрофонни тузукроқ олиб, ашула айтишни ўрганинглар. Бугун сизларнинг камчиликларингизни айтмаётган бўлсак, бу ҳаддиларингдан ошишларинг керак дегани эмас. Сиёсатчилар бизга тегарди, хафа бўлиб интервью бергандик. Бугун тегмаяпти сиёсатчилар, нега сизлар сиёсатчиларга тегяпсизлар? Менинг шунга аччиғим келяпти.
Бошидан сув томмаган одам билмайди нима эканини. Мен сизларга айтай: чақирса бормасанг, “запрет”эди. Бормасанг-ку калтак ейсан, борсанг, пулингни ололмай қайтасан. Мен яхши биламан бу кунларни. Ҳозир ишлаяпмиз-ку, ўртоқлар. Мен ҳозир сизларга тўғридан-тўғри савол беряпман, сизларга ҳам жавоб бўлсин: нима бўляпсизлар? Исмларингни битта-битта айтаман, соғинаётганлар, Жаҳонгир аканинг қўлидан чиққан санъаткорлар (Жаҳонгир Позилжонов, Зиёда Қобилова, Умидахон), сўрангларчи Жаҳонгир ака, шаҳар ҳокими ҳам соғинаётганмикин? Ҳеч ким соғиниб, ўлаётгани йўқ. Чунки унинг (таҳр.: Жаҳонгир Ортиқхўжаев) бошига қор тушганда ўзи куради ва кимдан қор ёққанини ҳам яхши билади. Сизлар билиб-билмасдан ҳаммаёққа бурнингларни тиқаверасизларми? Бу ёшларга қачон ақл киради? Мен ҳозир битта-битта исмингни айтадиган бўлсам, халқ битта-битта тупурса, лаънатнинг ичида қолиб кетасизлар. Уйқуларинг тинч, биров кечаси... Соат 2-3 да турғизиб қўйиб, “ночнушка”да туриб ашула айтмагансизлар-ку. Мен айтганман, биламан. Нима қиласизлар билиб-билмай бурнингизни тиқиб?”
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг видеомурожаатда айтганларини ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик кўплаб кузатувчилар маддоҳлик сифатида баҳолаяпти. Боиси Юлдуз Усмонова Гулнора Каримова энг “гуллаган” даврида унинг энг яқин дугонаси сифатида кўрилган. Гулнора Каримова Юлдуз Усмонова концертларининг доимий меҳмони бўлган. Хусусан, Юлдуз Усмонованинг 2006 йилда “Халқлар дўстлиги” саройида бўлиб ўтган концерт дастурига Гулнора Каримова ҳам ташриф буюриб, уни гулдаста билан қутлаган эди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигининг дастлабки 15 йиллигида Юлдуз Усмонова жуда катта мавқега эга санъаткор бўлган. Ҳатто, Олий Мажлис депутатлигига ҳам сайланган. 2006 йилда у жуда катта сиёсий масалаларга аралашиб қолиши оқибатида мамлакатда теле ва радиоларда қўшиқлари янграши тўхтатиб қўйилди. 2007 йилда хонанда энг сўнгги концертини тақдим этди. То Шавкат Мирзиёев Президент бўлгунига қадар “запрет”да бўлди ва фаолиятини Туркияда давом эттирди.
Ушбу давр оралиғида Гулнора Каримова Юлдуз Усмоновани бир неча бор “запрет”дан чиқаришга ҳаракат қилди. Бироқ бу ишлар самара бермади. 2013 йилда Гулнора Каримова томонидан ўтказилган “Асрлар садоси” фестивалида Юлдуз Усмонованинг чиқиш қилиши ҳақидаги хабарлар катта шов-шувларга сабаб бўлди. Юлдуз Усмонова “Асрлар садоси” фестивали ўтказилаётган майдон саҳнасига қадар борди. Унинг қўшиғи эндигина саҳнада янграй бошлаганда қўшиққа тақиқ қўйилди ва Юлдуз Усмонова саҳнага чиқарилмади. Ҳолбуки, Гулнора Каримова унинг чиқишини жуда хоҳлаган эди.
Маълумотларга қараганда, Юлдуз Усмоновага бўлган чекловни ҳатто, Гулнора Каримова ҳам олиб ташлолмаган. Ўша даврларда Юлдуз Усмонова “запрет”дан чиқиш учун бир неча бор Ватанни, Президент Каримов сиёсатини мадҳ этиб қўшиқлар куйлади. Бу қўшиқлардан яна бири тўғридан-тўғри Гулнора Каримовага қаратилди. Унда хонанда Гулисан дея, Гулнора Каримовани барча кўнгилларга яхшилик, илиқлик ва қувонч улашувчи фаришта сифатида мадҳ этади.
LiveБарчаси