Маданият вазирлиги Усмоновага келганда нопрофессионалларча насиҳат йўлини танлади
Маданият-санъат
−
04 Май 2020
54857Бироз аввал, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Ички ишлар ходимларини ҳақоратлагани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолатга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги “муносабат” билдирди. Унда шундай дейилади:
“Юлдуз Усмонова "Прямой Эфир"да милицияни қаттиқ танқид қилди” мавзусида ижтимоий тармоқларда видео лавҳа тарқатилди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ушбу видеолавҳага эътироз муносабатини билдирмоқда. Юртимизга келган синовлар пайтида Юлдуз Усмонова томонидан билдирилган фикрлар ноўриндир, шунингдек, санъаткорнинг хабари бўлмаса керак, икки ой давомида ўз оиласи ва уйига хаттоки бормаётган ички ишлар ходимлари ижтимоий тармоқларда нолишаётгани йўқ. Чунки, улар халқнинг тинчлиги йўлида кунни кун, тунни тун демай меҳнат қилишяпти.
Бир ишнинг ортидан ички ишлар ходимларини айблаш хато бўлса керак, эсланг, Юлдуз Усмонова ундан олдин ОАВлар орқали ички ишлар ходимларига миннатдорлик билдирган кунингизни. Энди, бир аччиқ гап билан уларга билдирган нафратингиз бу ниманинг далолати? Майли, аччиқ устида гапирилган гапларни ижтимоий тармоққа чиқаришингиз бу нимаси?
Бугун мамлакатимизда барча жам, яъни Ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Фавқулотда вазиятлар ходимлари, шифокорлар буларнинг захматкаш меҳнатини бугун хеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди.
Юртимиздаги тинчлик ва осойишталик шукуҳини таъминлаб бераётган Ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Фавқулотда вазиятлар ходимлари ҳамда шифокорларга Маданият вазирлиги ўз миннатдорлигини билдиради”, дейилади вазирлик расмий муносабатида.
Бу вазирликнинг воқеани атрофлича ўрганиб, муҳокама қилиб, кенгаш асосий қабул қилинган муносабати эмас, балки насиҳатига ўхшайди. Одатда ва ўрнатилган тартибга кўра, расмий муносабатлар вазирлик даражасида бундай кўринишда бўлмайди. Масала жиддий. Вазият Усмонованинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши, халқда Ички ишлар ходимларига нисбатан беписандлик пайдо бўлиши мумкин. Икки тизим ходимлари ўртасида муросасиз вазият юзага келиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Хўш, вазият бу қадар жиддий экан Маданият вазирлиги болалар театрида эртак айтгандек насиҳат кўринишида муносабат билдириши тўғрими? Вазирлик нега иш юзасидан олиб бораётган суриштирувлари, ИИВ билан ҳамкорлиги, Усмонованинг одоб-ахлоқ масаласи муҳокама қилиниши ҳақида миқ этмади? Ё ниқоб тақмагани учун Муниса Ризаева вазирликка чақирилганда бутун бошли тизимга лаънат ўқиган Усмонова чоралардан четда қоладими? Эртак, насиҳатни кимга айтяпсиз?
Ҳолат бўйича "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси ҳамон сукут сақламоқда.
LiveБарчаси