Маданият вазирлиги портал учун нега ярим миллиард сўм ажратилганини айтди

Маданият-санъат

image

Маданият вазирлиги давлат мукофотлари билан тақдирланган маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳақида маълумот жамланадиган портални ишлаб чиқиш харажатлари билан боғлиқ ижтимоий тармоқларда тарқалган эътирозларга ўз муносабатини билдирди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.  

Гап шундаки, Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг жорий йил 15 сентябрдаги буйруғи асосида маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳақидаги маълумотлар жойланадиган янги портал учун қарийб ярим миллиард сўм ажратилиши белгиланган. Аммо ажратилган маблағнинг миқдори аҳоли орасида кўплаб норозиликларга сабаб бўлди.

Маданият вазирлиги ушбу порталга эҳтиёж борлигига сабаб сифатида санъаткорларнинг ижодий фаолияти тўғрисида аҳолига ишончли маълумотларни етказиб берадиган ягона очиқ ахборот тизимининг мавжуд эмаслиги ва тўй маросимларига айтишни хоҳлаган аҳолига улар билан боғланишда қийинчиликлар борлиги келтирилган.

“Аҳолимизнинг тўй, маросим ва бошқа тадбирларга ўзлари маъқул кўрган санъаткор, ижодкор ёки ижодий жамоаларни таклиф қилиш истаги бўлсада, улар билан тўғридан-тўғри контакт ўрнатиш, боғланиш ёки режа қилинган куни уларнинг вақти, имкониятини билиш қийинчилик туғдириб келади. Яъни, санъаткор ва мухлис ўртасида интеграцион майдон мавжуд эмас”, дейилади хабарда.

Шунингдек, ушбу порталда фақатгина 10 нафар санъат ва маданият вакилининг эмас, ушбу соҳага кирувчи касбларда фаолият юритувчи кўплаб санъаткорларнинг маълумотлари киритилиши белгиланган. Жумладан, портал хонанда-созанда, актёр-актриса, режиссёр, шоир-ёзувчи, сўз усталари, рақс санъати, тасвирий ва амалий санъат вакиллари, аскиячилар, бахши, жиров, оқинлар, цирк артистлари, фольклор жамоалари, ашула ва рақс ансамбллари, эстрада гуруҳлари, оркестр ва хор жамоалари, театр жамоалари тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотлар билан тўлдирилиши билдирилган.

Вазирлик маълумотига кўра, ушбу портал орқали санъаткорнинг лицензияси бор ёки йўқлиги ҳақида ҳам билиш мумкин.

Порталнинг яна бир аҳамиятли жиҳати сифатида жамоатчилик томонидан санъаткорларни баҳолаш тизимининг жорий этилиши ва уларни тақдирлаш жараёнида ушбу баҳолар ҳам инобатга олиниши келтирилган.

Вазирлик ушбу функцияларни ишлаб чиқиш мураккаб жараён эканини ҳисобга олган ҳолда 488 миллион сўм миқдоридаги маблағ ажратилиши белгиланганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, вазирнинг 15 сентябрдаги буйруғига кўра, портални ишлаб чиқиш учун маблағлар Маданият вазирлигига 2023-йил учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланиши қайд этилган. Ушбу суммаларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилиш эса Ички аудит ва молиявий назорат бўлимига топширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Маданият вазирлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made