Маданият вазирлиги муҳокамаларга сабаб бўлган лойиҳа бўйича муносабат билдирди
Жамият
−
10 Апрель
17761Аввалроқ, Маданият вазирлиги томонидан “Овоз” мусиқий лойиҳасининг ташкилотчиларига бюджетдан 1 млрд 989 млн сўм ажратилиши ҳақида хабар берган эдик. Ҳолат кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг бунга Маданият вазирлиги ўз муносабатини билдирди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда “Talent show” масъулияти чекланган жамияти ташаббусига кўра йўлга қўйилаётган “The Voice of Uzbekistan” лойиҳасидан Ўзбекистондаги иқтидор эгаларини қидириб топиш, уларга истеъдодини юзага чиқариш учун имконият яратиш, “устоз-шогирд” анъанасини мустаҳкамлаш каби мақсадлар кўзланган.
“The Voice of Uzbekistan” телешоусини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича Буюк Британиянинг “ITV Studios Limited” компаниясига тегишли бўлган “The Voice” (“Голос”) лицензияси (франшизаси) “Talent show” масъулияти чекланган жамияти томонидан 5 млрд сўмдан ортиқроқ маблағ эвазига сотиб олинган ҳамда телелойиҳани ташкиллаштириш билан боғлиқ бошқа харажатлар амалга оширилган”, дея қўшимча қилинади муносабатда.
Маданият вазирлиги телелойиҳани тўлиқ ишга тушириш ва таклиф этилган иштирокчиларнинг устозлари, созанда ва бошқа ташкилотчиларга гонорар тўловларини тўлаб бериш мақсадида 2 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилиши режалаштирилганини билдирди. Қайд этилишича, харажатлар миқдори солиқ ва бошқа йиғимларни ҳисобга олган ҳолда кўрсатиб ўтилган.
Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига асосан ҳар ким муносиб меҳнат қилиш ва меҳнати учун адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилганини эслатган ва телелойиҳадаги устозлар, созандалар ва бошқаларга меҳнатлари учун муносиб ҳақ тўланиши назарда тутилганини билдирди.
“Маданият вазирлиги томонидан режалаштирилган мазкур харажатлар телелойиҳани ташкил этиш билан боғлиқ харажатларнинг 30 фоизини ташкил этади”, дейилади баёнотда.
LiveБарчаси