Маданий мерос объектлари реставрацияси учун 75 млрд сўм сарфланади

Жамият

image

Жорий йил давомида Ўзбекистондаги 34 та маданий мерос объектида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилади. Бунинг учун давлат бюджетидан 75 млрд сўм сарфланиши режалаштирилган. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири томонидан 2022 йил давомида асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг манзилли рўйхати тасдиқланган. Ушбу рўйхатдан жами 34 та маданий мерос объекти ўрин олган ва уларни таъмирлаш-тиклаш ишлари учун 75 млрд сўм сарфланиши режалаштирилган.

Жорий йилги рўйхатга кўра, Баҳодир Ялангтўшбий мадрасаси, Талипоч қалъа қолдиқлари, “Улуғбек” мадрасаси, Амир Олимхон мадрасаси, Кўк гумбаз, Оқ Сарой, Ислом Хўжа ёзги қароргоҳи, Чодра ҳовли каби объектларда реставрация ишлари олиб борилади.

Шунингдек, Бухоро “Арк” қўрғони мажмуасидаги Қушбеги, Саисхона, Саломхона, Тахтхона маданий мерос объектларида таъмирлаш тиклаш ишлари амалга оширилади. “Арк” қўрғони мажмуаси вайроналари қисмида “Археологик парк” ташкил қилинади.

Бухоро шаҳридаги “Масжиди Калон” (Пои Калон мажмуаси) қулаб тушган қисмлар ва таъмирталаб деворларини таъмирлаш-қайта тиклаш, атрофини ободонлаштириш ишларини ҳам 2022 йилнинг IV чорагида амалга ошириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Бухородаги ХХ аср бошида қурилган “Ситораи Моҳи Хосса” саройини реставрация қилиш ишлари нотўғри олиб борилгани туфайли саройнинг бир қатор қисми тарихий ва бадиий аҳамиятини буткул йўқотган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг