“Ситораи Моҳи Хосса”нинг бир қисми тарихий аҳамиятини буткул йўқотди

Маданият-санъат 16316
image

Бухородаги ХХ аср бошида қурилган “Ситораи Моҳи Хосса” саройини реставрация қилиш ишлари нотўғри олиб борилгани туфайли саройнинг бир қатор қисми тарихий ва бадиий аҳамиятини буткул йўқотган. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги  матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, “Ситораи Моҳи Хосса” тарихий мажмуасидаги реставрация ишлари маданий мерос объектларини реставрация қилиш талабларига зид равишда олиб борилган.

Хусусан, таъмирлаш-реставрация лойиҳалари махсус Илмий-эксперт кенгаши билан келишилмаган, тегишли рухсатномалар олинмаган ва яна бир қатор талаблар қўпол равишда бузилган. Мажмуада реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани туфайли саройнинг бир қатор қисми тарихий ва бадиий аҳамиятини буткул йўқотган.  

Хабарга кўра, агентлик томонидан ўрганиш ишлари якунлари ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилган. Айни вақтда Бош прокуратура томонидан мазкур ҳолатлар бўйича мутасадди мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

Маълумот учун, “Ситораи Моҳи Хосса” Бухоро амирларининг ёзги саройи ҳисобланиб, асосий бинолар амир Мир Саййид Олимхон (1911-1920 йиллар) ҳукмронлиги даврида қурилган. Ҳозирда музей сифатида фаолият юритаётган мажмуага йилига 158 минг (шундан 63 минг нафари хорижий) сайёҳ ташриф буюради.

Аввалроқ, “Ситораи Моҳи Хосса” саройида реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани натижасида меъморий обидага 28 млрд сўмлик зарар етгани айтилган эди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 423
Рейтинг: 3
t
×