Мьянманинг ҳарбий исён натижасида ағдарилган раҳбарияти коррупцияда айбланмоқда 

Олам

image

Мьянманинг собиқ Давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи ва бошқа бир қатор ҳукумат амалдорлари 600 минг доллар ва 11 кг олтинни ўзлаштиришда айбланмоқда. Бу ҳақда Ғарб матбуоти хабар бермоқда.

“Коррупцияга қарши кураш бўйича комиссия собиқ Давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжига қарши коррупция ишлари бўйича тергов ўтказди. У давлат хизматида бўлганида коррупция содир этганликда айбдор деб топилди”, дейилган мамлакат ҳарбий раҳбарияти хабарида. 

Қайд этилишича, Аун Сан Су Чжи ваколатини суиистеъмол қилишда ҳам айбланмоқда. 

Мьянма қонунчилигига кўра, юқори лавозимли мансабдор шахслар бундай айблов билан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. 

Маълумот ўрнида, Мьянмада жорий йилнинг 1 февраль куни армия Ташқи ишлар вазири ва давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи ва бошқа юқори лавозимли амалдорларни ҳибсга олиб, ҳокимиятни эгаллаб олганини эълон қилди. Ҳозирда мамлакатда ҳокимият Мьянма Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Мин Аун Хлайннинг қўлида.  

Ҳарбийларнинг таъкидлашича, давлат тўнтариши 2020 йил 8 ноябрда бўлиб ўтган сайловларда катта миқдордаги фирибгарликлар ҳақидаги даъволарга жавобдир. Тўнтаришдан кейин мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.  

Мьянмани бир йил давомида ҳарбий хунта бошқаради. Мамлакатдаги ҳарбий тўнтариш оқибатида 24 вазир ва уларнинг ўринбосарлари ўз лавозимларидан маҳрум бўлди. Кейинчалик, 1 апрель куни ҳарбий хунта бир ойлик сулҳ эълон қилди. 

Ҳисоб-китобларга кўра, тартибсизликлар давомида 700 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 250 мингдан ортиқ киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Мьянма

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг