Мэнни Пакьяо боксчилик фаолиятини якунлади
Спорт
−
21 Сентябрь 2021
3524Саккиз вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони филиппинлик Мэнни Пакьяо фаолиятини якунлади. Спортчи бу ҳақда қўшиқчи Тони Гонзаганинг Youtube каналида эълон қилинган Toni Talks дастурида маълум қилди.
“Менинг боксдаги карьерам тугади, чунки бокс билан узоқ вақтдан бери шуғулланаман ва оилам энди тўхтатишим кераклигини айтмоқда, шу сабабдан шундай қарор қабул қилдим. Мен Филиппин президентлигига номзод бўлиш чақириғини жасорат билан қабул қиламан. Бизга ривожланиш, камбағалликни енгиш керак. Бизга ҳукумат ҳалол ва ошкора ишлаши керак. Вақт келди, мен етакчилик юкини ўзимга олишга тайёрман”, дейди Пакьяо.
Айни вақтда Пакьяо Филиппин Сенати аъзоси ҳисобланади ва унинг ваколат муддати 2022 йилда тугайди. 2016 йилдан бери Филиппин Президенти Родриго Дутерте ҳисобланади.
Аввалроқ, Мэнни Пакьяо Филиппин Президенти лавозими учун номзодини қўйгани ҳақида хабар берган эдик. Амалдаги Президент Родриго Дутерте 2022 йилги сайловларда мамлакат вице-президентлиги учун номзод сифатида расман кўрсатилган.
Маълумот ўрнида, филиппинлик боксчи 2016 йилда ўзининг профессионал фаолиятига якун ясаган. Бу даврда у 72 та жанг ўтказган ва 62 тасида ғалаба қозонган, 8 марта мағлуб бўлган. У вазнидан қатъи назар барча давр ва халқларнинг энг кучли боксчилари рейтингида 5-ўринни эгаллаган.