Ляйен ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланди

Олам

image

Европа мамлакатлари вакиллари Урсула фон дер Ляйеннинг ўзини Европа Иттифоқининг хориждаги асосий вакили сифатида кўрсатишга уринишидан норози бўлмоқда. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ЕИнинг тўққиз нафар дипломати ва мулозими Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенни, айниқса, Яқин Шарқдаги икки ҳафтадан бери давом этаётган можаро фонида яққол сезилган мансаб ваколатларини ошириб юборганлиги учун танқид қилди.

Европа Иттифоқида фон дер Ляйен ўзини халқаро майдондаги ЕИнинг бош вакили сифатида кўрсатишга уринаётган деб ҳисоблашмоқда. Масалан, инқирознинг илк кунларида у Теҳрондаги режим ўзгаришини қўллаб-қувватлашини билдирган ва Форс кўрфази мамлакатлари етакчилари билан ўндан ортиқ музокаралар ўтказган. Танқидчиларнинг фикрича, бундай ҳаракатлар ЕИ давлатлари ўртасидаги консенсус (келишув) доирасидан чиқиб кетади.

Дипломатларнинг сўзларига кўра, ташқи сиёсатни мувофиқлаштириш роли аслида Кая Каллас зиммасида бўлиб, унинг вазифаси пойтахтлар билан алоқада бўлиш ва умумий позицияни шакллантиришдир.

“Муаммо шундаки, раис ғояларни илгари сурмоқда ва мамлакатлар билан олдиндан маслаҳатлашмасдан, Европа Иттифоқи номидан қандайдир мажбуриятларни зиммасига олмоқда. У ўз ваколатидан ташқари нарсаларни гапирмоқда”, дейди ЕИнинг юқори мартабали дипломати фон дер Ляйен ҳақида.

Шу билан бирга, Еврокомиссия бу айбловларни рад этиб, Урсула фон дер Ляйен ўз ишини тўғри бажараётганини билдирган. У ЕИ шартномаларига мувофиқ “ташқи сиёсатда сиёсий етакчиликни” намойиш этмоқда.

“Бутун дунёдаги бошқа етакчилар билан алоқалар ўрнатиш президент фон дер Ляйен вазифаларининг ажралмас қисмидир”, дейди комиссия матбуот котиби.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Урсула фон дер Ляйен Еврокомиссия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг