“Лукойл”да икки йил ичида тўртинчи топ-менежер вафот этди
Олам
−
14 Март
6574“Лукойл” компанияси вице-президенти Виталий Робертус 54 ёшида вафот этди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилди.
"У бизнинг хотирамизда иқтидорли раҳбар, кўп қиррали шахс, жонкуяр ўртоқ бўлиб қолади", дейилади “Лукойл” сайтидаги пресс-релизда.
Компания топ-менежернинг ўлими сабаблари ва шароитларини ошкор қилмаган.
Компания матбуот хизматининг қўшимча қилишича, Виталий Робертуснинг карьераси фақат “Лукойл” билан боғлиқ. У Москва авиация институтида ўқигандан сўнг компанияга келиб қўшилган. Робертус компанияда иқтисодчи сифатида ишлай бошлаган ва 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида компаниянинг менежери ва вице-президенти лавозимига етган.
Бундан ташқари, Робертус самолёт модели спортчиси бўлган. Компания веб-сайтига кўра, у бир неча бор самолёт моделлаштириш бўйича Россия ва жаҳон чемпиони бўлган. Шунингдек, Робертус юздан ортиқ учувчисиз учиш аппаратларини лойиҳалаштириб, синовдан ўтказган.
“Лукойл” топ-менежерларининг ўлими
Виталий Робертус сўнгги икки йил ичида вафот этган “Лукойл”нинг тўртинчи топ-менежеридир. 2023 йил октябрь ойи охирида компания директорлар кенгаши раиси Владимир Некрасов 66 ёшида вафот этганди. Шифокорлар хулосасига кўра, унинг ўлимига ўткир юрак етишмовчилиги сабаб бўлган.
Владимир Некрасов 2022 йилнинг кузида “Лукойл” директорлар кенгашининг аввалги раҳбари Равиль Маганов вафотидан кейин директорлар кенгаши раҳбари этиб сайланган эди.
2022 йил 1 сентябрь куни 67 ёшли Маганов Москвадаги Марказий клиник шифохонадаги хона деразасидан ўзини ташлаши оқибатида вафот этган. “Лукойл” матбуот хизмати эса топ-менежер "оғир касалликдан кейин" вафот этганини билдирган.
2022 йил май ойида 44 ёшида “Лукойл” бошқарувининг собиқ аъзоси Александр Субботин вафот этган. У Москва яқинидаги хусусий уйнинг ертўласида ўлик ҳолда топилган. Ўлимнинг расмий сабаби ўткир юрак етишмовчилиги сифатида кўрсатилган.
LiveБарчаси