Украина илк бор Россиянинг нефть конига зарба берди
Олам
−
11 Декабрь 6328 2 дақиқа
Украина Россиянинг нафақат нефтни қайта ишлаш, балки уни қазиб олиш билан шуғулланувчи энергетика объектларини ҳам нишонга ола бошлади. Хусусан, дронлар Каспий денгизи шельфида жойлашган “Лукойл” платформасига зарба берган. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбага таяниб, бугун, 11 декабрь куни “Bloomberg” хабар берди.
Манбага кўра, узоқ масофага учувчи дронлар Филановский номидаги конь ҳудудида ишлаётган платформага камида тўрт марта зарба берган. Бу “Лукойл”нинг Россияга тегишли Каспий денгизидаги энг йирик нефть кони ҳисобланади. Коннинг захиралари катта (қарийб 129 млн тонна нефть), қазиб олиш бир нечта платформаларда амалга оширилади ва нефть Каспий қувур консорциуми орқали экспорт қилинади.
“Bloomberg” манбасининг маълум қилишича, ҳужум оқибатида коннинг 20 дан ортиқ қудуғида қазиб олиш тўхтатилган. Агентлик бу маълумотни мустақил тасдиқлай олмаган, “Лукойл” эса изоҳ бериш бўйича сўровга жавоб қайтармаган.
Қайд этиш жоиз, Украина Россиянинг нефть саноатига қарши ҳарбий кампаниясини кенгайтирмоқда. Жорий йилнинг август ойидан бери нефтни қайта ишлаш заводлари мунтазам равишда дрон ҳужумларига учрамоқда. Яқинда порт инфратузилмасига қаратилган зарбалар ҳам уларга қўшилган. Вортеха маълумотларига кўра, ана шу ҳужумлар туфайли ноябрь ойида ўртача кунлик нефть маҳсулотлари экспорти 2 млн баррелни ташкил этган – бу 2016-2024 йиллардаги шу ой учун ўртача кўрсаткичдан 21 фоиз кам.
UBS’нинг нефть бўйича таҳлилчиси Жованни Стауновонинг айтишича, Киев зарбаларни қайта ишлаш корхоналаридан экспорт объектларига кўчирмоқда. Агар бундай ҳужумлар давом этса, улар Россияга узоқ муддатли зарар етказиши мумкин.
Шунингдек, Россиядан нефть маҳсулотлари ташийдиган “соя флоти” танкерларига нисбатан ҳам “ов” олиб борилмоқда. Сўнгги марта Қора денгизда ғарб санкциялари остидаги Dashan кемаси денгиз дронлари ҳужумига учради.
“Лукойл” маълумотларига кўра, Каспий денгизининг Россия қисмида жойлашган Филановский конининг лойиҳавий қуввати йилига 6 млн тонна (кунига тахминан 120 000 баррель)ни ташкил қилади. Ўтган йили “Лукойл” Россияда қарийб 76,5 млн тонна хом нефть ва конденсат ишлаб чиқарган. Шу сабабли, Филановский кони компаниянинг ички бозордаги умумий қазиб олиш ҳажмининг 8 фоизидан камига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина дронлари Чеченистоннинг Грозний шаҳридаги бизнес-марказга зарба бергани ҳақида хабар қилинган эди. Зарба бинонинг ўрта қисмига берилган – бу ерда вазирликлар, минтақавий идоралар, Сайлов комиссияси, Омбудсман идораси ва нефть соҳаси билан боғлиқ ташкилотлар жойлашган.
Live
Барчаси