Лукашенконинг шок ҳаракати – АҚШ журналистнинг ҳибсга олинганига муносабат билдирди
Олам
−
24 Май 2021
11096Қўшма Штатлар “Ryanair” самолётининг қирувчи МиГ-29 самолёти босими билан Минскда қўндирилгани ва унинг бортида бўлган Nexta Telegram каналининг собиқ бош муҳаррири Роман Протасевичнинг ҳибсга олинганини “кескин қоралайди”. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.
АҚШ Давлат департаменти сайтида хабар берилишича, Блинкен Беларусь расмийларидан Протасевични озод қилишни талаб қилган. Унинг фикрига кўра, “Лукашенко режимининг шок ҳаракати” самолёт бортида бўлган 120 дан ортиқ йўловчиларга, шу жумладан АҚШ фуқароларига хавф туғдирган.
Давлат котибининг қўшимча қилишича, АҚШ бу масалада Европа Иттифоқи, Литва ва Греция билан алоқага чиққан. Вашингтон Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти Кенгашининг “фавқулодда йиғилиши” чақирилишини қўллаб-қувватлаган.
Шунингдек, АҚШ ушбу воқеада Беларусь хавфсизлик хизматининг иштироки ва йўловчилар самолётини мажбурлаб қўндиришда ҳарбий самолётлардан фойдаланилгани ҳақидаги хабарларни текширишни талаб қилмоқда.
“Қўшма Штатлар Лукашенко режимининг давом этаётган таъқиблари ва журналистларни ўзбошимчалик билан ҳибсга олишини яна бир бор қоралайди. Биз Беларусь халқининг эркин, демократик ва фаровон келажак сари интилишларини қўллаб-қувватлаймиз ҳамда режимни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишга чақирамиз”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 май куни Грециянинг Афинасидан Литванинг Вильнюс шаҳрига учиб кетаётган “Ryanair” авиакомпаниясининг самолёти Минскка қўндирилди. Маълум бўлишича, самолёт бу вақтда Беларусь осмонида парвоз қилаётган бўлган ва мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли МиГ-29 қирувчиси йўловчи самолётининг мужбурий тарзда қўндирилишини таъминлаган.
Ушбу самолёт бортида Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг бошланган ва бир неча ой давом этган норозилик намойишлари ёритган ва унда қатнашишга чорлаган Nexta Telegram канали бош муҳаррири Роман Протасевич ҳам бўлган ва табиийки, дарҳол ҳибсга олинган.
Маълумот учун, Nexta Telegram канали Беларусда экстремистик, деб топилган. Протасевичнинг ўзи терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган ва қидирувга берилган.
У Беларусда “оммавий тартибсизликлар уюштириш”да (15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин) ва “жамоат тартибини қўпол равишда бузган гуруҳ ҳаракатлари”да (уч йилгача озодликдан маҳрум қилишда) айбланмоқда.
Бундан ташқари, унга нисбатан касбий мансублиги асосида “ижтимоий адоватни қўзғатишга қаратилган қасддан хатти-ҳаракатлар содир этиш тўғрисида” жиноий иш қўзғатилган (энг юқори жазо 12 йил).
LiveБарчаси