Лукашенконинг рақиби порахўрликда айбланиб, 14 йилга “кесилди”
Олам
−
06 Июль 2021
4656Беларусь президентлиги учун собиқ номзод, “Белгазпромбанк”нинг собиқ раҳбари Виктор Бабарико 14 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бундай ҳукм Беларусь Олий суди судьяси Игорь Любовицкий томонидан чиқарилди.
Айбланувчи катта миқдордаги пора олишда ва пул “ювиш”да айбдор деб топилган.
Таъкидланишича, Бабарико 14 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини кучайтирилган тартибдаги ахлоқ тузатиш колониясида ўтайди. Шунингдек, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 минг бараварига тенг (145 минг беларусь рубли) жарима тайинланган ва Бабарико беш йил раҳбарлик лавозимларида ҳам ишлай олмайди.
Иш бўйича қолган судланувчилар уюшган гуруҳ томонидан катта миқдордаги пора олганига иқрор бўлган. “Белгазпромбанк”нинг собиқ топ-менежерлари Сергей Шабан ва Дмитрий Кузьмич тегишли тартибда 6 ва 6,5 йилга, Кирилл Бадей, Александр Ильясюк, Сергей Добролет — ҳар бири 5,5 йилдан озодликдан маҳрум қилинган. Алексей Задойконинг эса сурункали касаллиги борлиги сабабли беш йил муддатга эркинлиги чекланган.
Қайд этилишича, Бабарико айбини тан олмаган ва судда кўрсатма беришдан бош тортган. Сўнгги сўзида у ўзи қилмаган жиноятни тан ололмаслигини айтган. Унинг барча шериклари эса ўз айбига иқрор бўлган.
“Мен яқинларим олдида уялмайман, чунки ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўлмаган, ҳаттоки ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлик бўйича ишора ҳам бўлмаган. Мен банк ходимлари олдида ҳам уялмайман, чунки мамлакатдаги энг яхши банк яратилган”, деган Бабарико.
Тергов ва суд хулосаларига кўра, “Белгазпромбанк”нинг топ-менежерлари бир қатор тижорат тузилмалари манфаатларидан келиб чиқиб, 2004 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда ушбу ташкилотлар вакилларидан ноқонуний равишда пул мукофотларини олган. Бабарикодан ташқари судланувчилар айбланаётган жиноятлардаги айбларини тўлиқ тан олган.
Бабарико “Белгазпромбанк” раҳбари лавозимини ўтган йилнинг май ойида, президентлик сайловларида иштирок этиш тўғрисида қарор қабул қилиниши муносабати билан тарк этган. У ўз номзодини қўллаб-қувватлаш учун имзо тўплаган ва 18 июнь куни ҳибсга олинган. Июль ойида сайлов комиссияси Бабариконинг ноқонуний фаолияти ва декларацияда акс эттирилган ноқонуний даромадлари сабабли уни рўйхатдан ўтказишни рад этган. Бабарико билан биргаликда сайловолди штабининг раҳбари бўлган ўғли Эдуард ҳам ҳибсга олинган.
2020 йил 15 июнь куни Беларусь Миллий банки Бабарико ва бошқа топ-менежерларга қарши жиноий ишлар қўзғатилгандан сўнг “Белгазпромбанк”да вақтинчалик бошқарувни жорий қилган.
2020 йил ноябрда Президент Александр Лукашенко декабрь ойида “Белгазпромбанк”да янги маъмурият ташкил этилишини ва банк ўз фаолиятини давом эттиришини эълон қилган.
Ўтган йилнинг август ойида Беларусь мухолифатининг етакчиларидан бирига айланган Бабариконинг сайловолди штаби координатори, мусиқачи Мария Колесникова сентябрь ойида ҳибсга олинган.
Маълумот ўрнида, сўнгги вақтларда Беларусда ички сиёсий мувозанат бузилган. Бунинг илдизи 2020 йилнинг август ойида мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларига бориб тақалади. Сайлов натижаларига кўра, 80 фоиз овоз билан Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қилди. Бироқ ушбу натижалар аҳолининг катта қисмида шубҳа уйғотди ва мухолифатнинг чақируви билан мамлакатда намойишлар бошланди.
Бир неча ой давом этган митинг ва маршлар ҳеч қандай фойда келтирмади. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Мухолифат ҳамда унинг кўплаб тарафдорлари эса Польша, Литва каби Европа давлатларига қочиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана топди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь