Лукашенкони ҳибсга олишга ордер берилиши мумкин
Олам
−
19 Июль 2023
11241Европарламент депутатлари Гаагадаги Халқаро жиноий судни Беларусь фуқароси Александр Лукашенкони ҳибсга олиш учун ордер беришга чақирди. Бу ҳақда Европа парламентининг расмий саҳифасида эълон қилинган ҳисоботда сўз боради.
Қайд этилишича, парламент депутатлари Украинага етказилган зарар ва содир этилган жиноятлар, жумладан, Лукашенко режимининг болаларни ноқонуний кўчиришдаги роли учун бевосита айбдор деб ҳисоблаган. Шунинг учун ҳам Европа Иттифоқи институтлари ва аъзо давлатларни “инсониятга қарши жиноятлар ва геноцид учун жавобгар бўлган” Беларусь ҳарбий ва сиёсий раҳбариятини жиноий жавобгарликка тортиш учун халқаро даражадаги барча зарурий чораларни кўришга чақирди.
Шунингдек, Европа Иттифоқи Беларусь ва Россия фуқароларидан иборат санкциялар рўйхатини кенгайтиришни ҳам режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро жиноий суд томонидан Россия Президенти Владимир Путин ва бола ҳуқуқлари бўйича комиссар Мария Лвова-Беловани Украина урушидаги болаларни ноқонуний депортация қилиш айблови бўйича ҳибсга олиш учун ордер берилганди. Бундай ҳолатда Путин Рим келишувини имзолаган давлатларга борган тақдирда қамоққа олиниши мумкин.