Лукашенко АҚШга “метеозондлар”га қарши курашишни ваъда қилди

Олам

image

Беларуслик Александр Лукашенко АҚШ Президентининг махсус вакили Жон Коул билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида “метеозонд” деб аталувчи парвозларнинг Беларусь–Литва чегараси орқали ўтишини тўхтатиш учун “қўлидан келган барча ишни қилишга” ваъда берди. Бу ҳақда музокараларнинг иккинчи куни – кеча, 13 декабрь куни Жон Коулнинг ўзи маълум қилди.

“Метеозондлар” деганда Беларусь ҳудудидан Литвага сигареталарни контрабанда йўли билан олиб ўтиш учун қўлланиладиган ҳаво шарлари назарда тутилади. Литва Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, 2025 йил бошидан бери Беларусь томондан Литва ҳаво ҳудудига бундай ҳаво шарларининг кириб келиши бўйича юзлаб ҳолатлар қайд этилган.

Куз ойларида метеозондлар бевосита Вильнюс ва Каунас халқаро аэропортларига яқинлаша бошлади, бу эса мазкур аэропортларда бир неча бор парвозларга чекловлар жорий этилишига сабаб бўлди. Шу фонда Литва ҳукумати октябрь ойи охирида Беларусь билан қуруқлик чегарасини вақтинча ёпди. Бунга жавобан Беларусь ҳукумати Литва давлат рақамидаги юк машиналарининг Европага чиқишини чеклади. Ноябрь ойида эса чегара яна очилди.

Бироқ шундан сўнг Литвага метеозондларнинг оммавий учиб кириши яна қайта бошланди. 9 декабрь куни Литва шу сабабли бутун мамлакат ҳудудида фавқулодда ҳолат режимини жорий этганини эълон қилди. Европа Иттифоқида Литва аэропортлари фаолиятининг Беларусь томондан учирилган ҳаво шарлари орқали издан чиқарилишини Минск ва Москва томонидан Ғарб давлатларига қарши олиб борилаётган гибрид операциянинг бир қисми, деб ҳисоблашмоқда.

Декабрь ойи бошида Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Беларусь томонидан Литвага қарши амалга оширилаётган гибрид ҳужумларга жавобан янги санкциялар тайёрланаётганини маълум қилди. У Беларусь ҳудудидан учирилаётган ҳаво шарларининг кириб келишини “бутунлай қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат” деб атаб, Литва билан “тўлиқ ҳамжиҳатлик” билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Александр Лукашенко метеозондлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг