Лола Каримова ва унинг эрига тегишли 3 та вилла сотувга қўйилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи, “Сен ёлғиз эмассан” фонди ҳамда Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Темур Тилляевга тегишли бўлган Лос-Анжелесдаги 3 та вилла сотувга қўйилди. Бу ҳақда қўшма штатларда чоп этилувчи “Variety” нашри хабар бермоқда. 

Уйларнинг ҳар бирининг нархи ўртача 6 миллион АҚШ долларини ташкил этади. 

Ушбу уйларни хоним Каримова ва жаноб Тилляев бундан 6 йил аввал, 2014 йил жами 16,1 миллион АҚШ долларидан сал кўпроққа, ҳар бирини алоҳида битим билан харид қилишган. Айни вақтда улар жами 18,9 миллиш АҚШ долларига сотилмоқда.

Оила бу уйларнинг ҳеч бирида истиқомат қилмаган. Улар айни дамда Беверли-Хиллз шаҳридан 33 миллион АҚШ долларига харид қилинган уйда яшаб келмоқда. Ушбу уй яқинида Лола Каримова-Тилляевага тегишли бўлган “The harmonist” номидаги атир дўкони ҳам жойлашгани айтилади. 

Нашрнинг ёзишича, Лос-Анжелесдаги сотувга қўйилган уйлар ва ўзлари истиқомат қилиб келаётган хонадон марҳум Президент Каримовнинг кенжасига тегишли энг қиммат уй эмас. Уларга тегишли қимматбаҳо уйлар Франция ва Швейцарияда жойлашган. Женеведаги битта уйнинг нархи эса 47 миллион АҚШ долларига баҳоланган. 

Нашрнинг алоҳида қайд этишича, Лола Каримова ва Темур Тилляев ушбу уйларни харид қилиш учун маблағларни Тошкентдаги “Абу-Сахий” бозори фаолиятидан орттирган. Бозор уларга 2013-2014 йилларнинг ўзида 127 миллион АҚШ доллари фойда келтирган. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрь куни 78 ёшида вафот этди. Шундан сўнг, оиланинг кенжаси Лола Каримова Ўзбекистонни тарк этди. У умумий ҳисобда бир марта отасининг хотира маросимида иштирок этди ва опаси Гулнора Каримованинг қизи Имон билан биргаликда намоён бўлди. 

2019 йилнинг охирларида Лола Каримова-Тилляева АҚШда “The harmonist” брендига асос солгани ҳақида маълум қилган эди. 

Каримова хоним Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди васийлик кенгаши раиси саналсада, фаолиятни масофадан туриб олиб боради. Фонд тадбирларида асосан Ислом Каримовнинг беваси Татьяна Каримова фаол. У Тошкентдаги уйида ёлғиз яшамоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Лола Каримова

Баҳолаганлар

3512

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг