Ливия Ташқи ишлар вазири исроиллик ҳамкасби билан учрашгани учун ишдан ҳайдалди
Олам
−
28 Август 2023
6083Ливия Миллий бирлик ҳукумати бош вазири Абдел Ҳамид Дбейба мамлакат Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Нажла Ал-Мангушни ишдан бўшатди. Бу ҳақда “Lenta.ru” нашри маълум қилди.
Гап шундаки, Триполида Ливия Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида вазир Мангушнинг исроиллик ҳамкасби Эли Коэн билан учрашуви сабаб намойишлар бўлиб ўтган. Хабарларга кўра, бино олдида отишма овозлари ҳам эшитилган.
Намойишчилар Ливия Миллий бирлик ҳукуматига қарши шиорлар билан чиқишган. Улар Ташқи ишлар вазирининг жавобгарликка тортилишини талаб қилди. Норозилик чиқишлари Ливиянинг Мисрата, Зави, Сабратуй ва Злитен каби бошқа қатор шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди. Бунга жавобан эса Бош вазир Мангушни ишдан бўшатди.
“Бош вазир Абделҳамид Дбейба ташқи ишлар вазири Нажла Ал-Манкушни профилактика чораси сифатида ишдан бўшатди”, деб тушунтирди бирлик ҳукумати.
Аввалроқ, Исроил Ташқи ишлар вазири Эли Коэн Мангуш билан Римдаги учрашувини “тарихий воқеа” деб атаганди.
Мангушнинг ўзи Римдаги музокаралар расмий тусга эга эмаслигини айтди. Ливия Ташқи ишлар вазирлиги эса, ўз баёнотида вазирлик араб ва ислом мамлакатлари муаммоларини, биринчи навбатда Қуддусга Фаластиннинг абадий пойтахти мақоми берилиши масаласини ҳал қилишга содиқ эканини билдирган. Шунингдек, Ливия Исроил мустақиллигини тан олмаслиги ва давлатлар ўртасида дипломатик алоқалар мавжуд эмаслигини ҳам маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 16 август куни Ливия пойтахти Триполида қуролли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар бўлди. Оқибатда 27 киши ҳалок бўлган ва 160 киши жароҳат олган.